Юртга содиқ фарзанд бўламиз
Жануби-Ғарбий Махсус ҳарбий округининг Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмда “Янги Ўзбекистон Армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида “Ўзбекистон – илм-маърифат ўчоғи, зиё маркази бўлган қутлуғ замин” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда, Ёшлар иттифоқи вилоят бошқармаси, Маънавият-маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими ходимлари, Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари, турли танловларда юқори натижаларга эришган ёшлар, фахрийлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбирда Биринчи Уйғониш даври алломалари, Иккинчи шарқ Ренессанси ва Темурийлар даврида амалга оширилган улуғвор ишлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти тушунтирилди.

– Ватан озодлиги йўлида ўз тинчи ва оромидан кечган, Ватан келажаги йўлида жонини қурбон қилган боболаримиз номини ҳамиша ёд олиш, уларга муносиб фарзанд бўлиш ҳар бир ёш учун шарафли бурч бўлиши лозим, – дейди III даражали сержант Акбар Аҳмедов. – Халқимиз учун миллат эрки, Ватан истиқболи доимо улуғ ва муқаддас бўлиб келган. Буни ҳис этиб, жасур ва буюк аждодларимиз анъаналарига садоқат билан яшаш, улар бошлаб берган эзгу амалларни давом эттириш бизнинг зиммамиздаги шарафли ишдир.

– Тинч, фаровон, ёшлари изланувчан юртда юксалиш бўлади, – дейди кичик сержант Давлатбек Раҳматов. – Биз ёшлар яратиб берилаётган бугунги шароитлардан оқилона фойдаланиб, Ватан осойишталиги, мамлакатимиз ободлиги йўлида юртга содиқ фарзандлар бўлишимиз лозим. Бунинг учун ҳарбий тузилмалар, илм-фан, спорт ва бошқа соҳаларда ҳам барча имконият мавжуд.


Тадбирда ёшлар эришган ютуқлари ва келгуси режалари ҳақида сўз юритди. Мудофаа вазирлигининг Термиз, Какайди, Хайробод гарнизонлари ҳарбий хизматчилари буюк бобокалонларимиз ҳаёти ва ижоди акс этган саҳна кўринишларини намойиш этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири