Юрт ифтихори бўлган ибратли оилалар тақдирланди
Халқаро оила куни муносабати билан Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда оила ва миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, ибратли оилаларни рағбатлантириш, жамиятда соғлом, аҳил ва намунавий оилаларнинг нуфузини ошириш мақсад қилинди.
Тадбирда оила деган муқаддас масканни асраб-авайлаш, ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббатга асосланган мустаҳкам бирликни таъминлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Унда 100 дан зиёд ибратли оила вакиллари, кенг жамоатчилик ва давлат ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибаева, вилоят аҳолисини ва тадбир қатнашчиларини Халқаро оила куни билан табриклади.
Тадбир доирасида оилавий тарбия, маҳалла ҳаётида фаол иштироки, фарзандлар таълим-тарбияси, хонадон ва атроф муҳитни обод этиш борасида намунали фаолият кўрсатаётган 100 нафар оила соҳибалари “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, бир гуруҳ фаолларга вилоят ҳокимининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Тақдирланганлар орасида суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, Миллий гвардия ва ҳарбий хизматчилар, раҳбарият ва жамоат фаоллари ҳам борлиги мазкур тадбирнинг нуфузи ва қамрови йил сайин кенгаяётганини кўрсатади. Агар ўтган йили 13 нафар сирдарёлик “Ибратли оила” кўкрак нишонига сазовор бўлган бўлса, бу йил 100 та оила ана шундай юксак шарафга муяссар бўлди.
[gallery-23420]
Тадбирда сўз олганлар оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати, миллий анъаналар ва оилавий қадриятларнинг жамият барқарорлигидаги ўрни ҳақида фикр алмашдилар.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари