Юридик кадрлар билан очиқ мулоқот
Бугун, 19 сентябрь куни Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази раҳбарияти, педагоглари ва масъул ходимлари иштирокида малака ошираётган 230 дан ортиқ тингловчи билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Бугун, 19 сентябрь куни Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази раҳбарияти, педагоглари ва масъул ходимлари иштирокида малака ошираётган 230 дан ортиқ тингловчи билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳуқуқий жиҳатдан кўмак беришда юридик кадрлар олдида турган вазифалар, ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини бирхиллаштириш, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, замонавий юрист кадрларга қўйилаётган талаблар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда шартномалар билан ишлашни сифат жиҳатдан кучайтиришга оид масалалар муҳокама этилди.
Таъкидлаш жоизки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, олиб борилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, бозор иқтисодиёти қонуниятларини кенг жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестициявий муҳитни шакллантириш ва мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уни ҳимоя қилишнинг ишончли, мустаҳкам тизимини барпо этиш асосий вазифалардан ҳисобланади. Бундай муҳим вазифаларни бажариш бевосита замонавий фикрлайдиган ва мустақил равишда қарорлар қабул қиладиган билимли юридик кадрларга боғлиқ.
Шу мақсадларда кейинги пайтларда мамлакатимизда юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши муҳим қадамлардан ҳисобланади.
Ҳукуматнинг ушбу қарори билан марказ фаолияти такомиллаштирилди, янги вазифалар юкланди. Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари ва ўқув дастурлари такомиллаштирилмоқда, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари жорий этилмоқда, салоҳиятли, юқори малакали педагог ва амалиётчилар машғулотларга жалб этилган.
Марказда бугунги кунда адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари ходимлари, нотариуслар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари юридик хизмати ходимлари, давлат хизматлари марказлари вакиллари, адвокатлар ва бошқа тоифадаги кадрларнинг малакасини ошириш йўлга қўйилган.
Очиқ мулоқотда марказда ўқув жараёнини такомиллаштириш, машғулотларни янгича технологиялар ва услублар асосида олиб бориш, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, жойларда ҳуқуқий соҳада юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан ечиш билан боғлиқ мулоҳазалар ўртага қўйилди.
Тингловчилар томонидан берилган кўплаб саволларга марказ раҳбарияти тегишлича жавоблар қайтарди, шунингдек, мулоқот иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар келгусида ўрганиб чиқиш учун қабул қилиб олинди.
Малака ошириш курсларини тугатаётган тингловчилар билан келгусида мунтазам алоқа ўрнатиш, уларнинг иш фаолиятида юзага келадиган турли саволларига марказ ходимлари томонидан тезкорлик билан амалий ёрдам кўрсатиб, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида жойлардан келиб тушадиган таклифларни ўрганиш ва кўриб чиқиш учун ваколатли органларга киритиб боришга келишиб олинди.