Юксак жанговар руҳ – армия қудрати
Бухорода “Юксак жанговар руҳ аскарнинг енгилмас кучи армиянинг қудратидир” шиори остида “Қўшинлар мадҳияси”, “Энг жанговар қўшиқ” ва “Энг жанговар чақириқ ва шиор” танловларининг вилоят босқичи ўтказилди.
– Танловларни ўтказишдан асосий мақсад ҳарбий хизматчиларда миллий ғурур ва маънавий фазилатларга таянадиган барқарор ахлоқий-руҳий ҳолатни таъминлашдан иборат, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева. – Шунингдек, мураккаб вазиятларга нисбатан бардошликни, юксак жанговар руҳни тарбиялаш ҳамда уларда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, она Ватанга муҳаббат ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, миллий ўзлигимизни англатишга қаратилган, мардлик ва матонатни мадҳ этувчи миллий армиямизга ғурур ҳиссини уйғотувчи ҳарбий хизматнинг нуфузини оширувчи ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида жанговор қўшиқларни яратишдир.


Ҳакамлар ҳайъати танловнинг баҳолаш мезони асосида иштирокчиларни баҳолаб борди. Танловнинг якуний хулосасига кўра, бир қатор жамоалар ғолиб бўлди. Республика босқичига иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Ғолиблар Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирланди.


Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-ахлоқий тайёргарлик ва жанговор руҳини янада ошириш, уларда миллий ғурур ва маънавий фазилатларга таянадиган барқарор ахлоқий-руҳий ҳолатини таъминлаш, юксак жанговар руҳни тарбиялаш ҳамда уларда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида “Юксак жанговар руҳ – аскарнинг енгилмас кучи, армиянинг қудратидир!” деган концептуал ғоя асосида ҳарбий хизматчилар, ҳаваскор ва профессионал ижодкорлар ўртасида “Қўшинлар мадҳияси”, “Энг жанговар қўшиқ” ва “Энг жанговар чақириқ ва шиор” республика танлови эълон қилинган эди.
Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, вилоят Мудофаа ишлари, вилоят Миллий гвардия, вилоят Фавқулодда вазиятлар, вилоят Маданият бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА