Юксак маънавиятга етакловчи куч
Зарафшон шаҳар Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан шаҳар Ахборот-кутубхона марказига 1200 дона китоблар жамланмаси топширилди.
Бу ташаббус нафақат кутубхона фондини бойишига, балки китобхонлар сонининг ошишига ҳам хизмат қилади. Азалдан халқимиз китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган. Бугунги кунда ҳам аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш муҳим вазифалардан бири сифатида ўз долзарблигини йўқотмаган.

– Марказимиз китоб фонди 37 минг 800 тани ташкил этади. Бугун эса уларнинг сони янада кўпайди, – дейди шаҳар Ахборт-кутубхона маркази директори Қундуз Каримова. – Албатта, ҳозирги кунда аҳоли ўртасида китоб ўқишга бўлган қизиқиш ва иштиёқ камайгандек. Аммо бутунлай йўқолган эмас. Бугун бир нафар бўлса ҳам китоб ўқиётган юртдошимиз бор экан, демак, маънавият ва маърифат учқунлари сўнмайди.

Китоб инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди, китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ”.
А.Бўриев,
ЎзА