Юксак эътирофга сазовор бўлди
Гулистон шаҳридаги Президент мактаби маслаҳатчиси Мадина Сапарова Чикаго университети томонидан “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” мукофоти билан тақдирланди.
Бу юқори даражадаги эътироф педагогнинг таълимга бўлган садоқати, ўқувчилар ҳаётида ижобий ўзгаришлар ярата олиш қобилияти ва билимга бўлган муҳаббати халқаро миқёсда тан олинганидан дарак беради.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, мазкур мукофот мактабнинг собиқ ўқувчиси, ҳозирда Чикаго университети талабаси Асилбек Ашуровнинг тавсияси асосида тақдим этилган. Асилбек Ўзбекистондан илк бор ушбу нуфузли олий таълим муассасасига тўлиқ грант асосида қабул қилинган бўлиб, 4 йиллик таҳсил учун $420 минглик грантга эришган.
Бу эътироф нафақат Асилбекнинг шахсий ютуғи, балки уни тарбиялаган устозларнинг меҳнатсеварлиги ва фидойилигини ҳам яққол кўрсатади.

– Рости, кутмаган эдим, – дейди Мадина Сапарова. – Чикаго университетининг бундай эътирофи нафақат мен учун, балки бутун мактаб жамоаси учун катта илҳом манбаидир. Таълимга берилган меҳр, сарфланган меҳнат ҳеч қачон беиз кетмаскан — унинг самараси ҳар бир ўқувчи ҳаётида намоён бўлади. Буни мен амалда кўрдим ва чин дилдан ҳис этдим.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири