Конституция — инсон қадри улуғланган эркин ҳаёт ва янги келажак пойдевори
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 34 йиллиги байрам тадбирлари «Конституция — инсон қадри улуғланган эркин ҳаёт ва янги келажак пойдевори!» ғояси асосида ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимизда Конституция куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар дастури ҳамда махсус ташкилий қўмита тасдиқланди.
Бош қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 34 йиллигини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда нишонлаш бўйича кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Шу мақсадда қабул қилинган мазкур ҳужжат асосида бу йилги байрам тадбирлари «Конституция — инсон қадри улуғланган эркин ҳаёт ва янги келажак пойдевори!» деган бош ғоя ва ҳаётий шиор остида ташкил этилади.
Тасдиқланган дастурга кўра, қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, кенг кўламли тарғибот ва визуализация йўналишида жойларда, хусусан, вилоят, шаҳар ва туман марказларидаги шоҳкўчалар, хиёбонлар ҳамда жамоат транспортларида Конституциядаги эзгу ғояларни акс эттирувчи кўргазмали воситалар, плакатлар ва видеороликлар жойлаштирилади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлар биноларида «Конституция бурчаклари» ташкил этилади.
«Маърифат ойлиги» ва очиқ мулоқотлар доирасида жорий йилнинг декабрь ойи давомида республика бўйлаб олимлар, ҳуқуқшунослар ва мутахассислардан иборат тарғибот гуруҳлари томонидан меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасалари ҳамда ҳарбий қисмларда учрашувлар ва жонли мулоқотлар ўтказилади.
Шу билан бирга, аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда, марказларда (Тошкент шаҳрида Сайилгоҳ кўчасида) махсус майдонлар ташкил этилиб, унда Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи, фотокўргазмалар, замонавий дарсликлар ва ҳуқуқий викториналар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Таълим ва ёшлар йўналишида умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ҳамда талабаларни қамраб олган ҳолда махсус «Конституция дарслари», олимпиадалар, расмлар ва иншолар танловлари ўтказилади.
«Constitution.uz» сайтидаги электрон кутубхона янги илмий материаллар билан бойитилади, ёшлар учун интерактив китоблар, мультфильмлар ва ижтимоий роликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилинади.
Шунингдек, байрам арафасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва нуфузли идоралар ҳамкорлигида «Заковат» интеллектуал ўйинлари, спорт марафонлари, ҳудудий концерт дастурлари ҳамда маҳаллаларда байрам сайиллари ташкил этилиши белгиланган.
Қабул қилинган мазкур фармойиш ва унинг ижроси юртимизда инсон қадрини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда қонунга ҳурмат руҳини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА