Юкинг ерда қолмагай, сардобалик юртдошим
«Бу пулга сардобалик болаларга китоб олиб беринглар, илтимос! Жиззахдан 8 ёшли Бону» деган ёзувни ўқиб, кўзим ёшланди.
Неча-неча асрлар давомида инсоният кўплаб ўлату ваболарга, зилзилаю сув тошқинларига, бўрону довулларга, қўйингки турли бало-қазоларга жамоа бўлиб, жипсликда, биргаликда, бирдамликда курашиб, қанчадан-қанча қурбону талафотлар берган бўлсада уни енгиб келган.
Бугун дунёни тобора қаттиқроқ исканжасига олаётган коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган карантин жараёнини кузата туриб, инсонлар ўртасидаги бирлашиш, бирдамлик каби инсонийлик фазилатлари йўқолиб кетмаганига шукур қиласан, киши.
Жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилояти Сардоба туманида содир бўлган сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун Президентимиз воқеа жойига етиб келди. 2 кун давомида шу ерда бўлиб, хавфни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари талофат кўрганларнинг бир гуруҳи билан учрашиб, барча зарарлар қопланишини, маҳалла, кўча, уйлар қайта тикланишини, барча қулайликлар мужассам бўлган бутунлай янги, замонавий массивлар барпо этилишини таъкидлади.

Тошқиндан саросимага тушиб, умри давомида йиққан-терганидан бир неча соатда айрилиб қолган кишиларнинг ҳолатини ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг, ана шу тушкун қалбларга Давлатимиз раҳбари бу учрашуви қанчалар нажот бағишлаганини, уларнинг кўнглида эртанги кунга ишонч туғилганини, уларнинг қалблари қандай қувонганини оддий сўзлар билан ифодалаш қийин.
Президентимиз шу кун, яъни жорий йилнинг 1 май куни фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш юзасидан “Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишини қабул қилди. Ушбу ҳужжат бўйича аниқ, кечиктириб бўлмайдиган, муҳим топшириқ ва вазифалар тегишли вазирлик, ташкилот, идоралар раҳбарлари зиммасига юклатилди.
Республика Бош прокурори ҳам Сирдарёга етиб келиб, тошқиндан зарар кўрган ҳудудларга соҳа ходимларини бириктирди.
Сирдарё вилояти прокурори Равшан Машарипов юқорида зикр этилган ҳар иккала ҳужжатларга асосан ва уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида махсус фармойиш қабул қилди.
«Сардоба» тошқинидан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг 80 мингдан ортиқ аҳолиси бошқа жойларга эвакуация қилинди.
Президентимизнинг топшириғи ва юқорида зикр этилган фармойишга асосан, республика Бош прокурори томонидан вақтинча эвакуацияда бўлиб турган ёки хавф бартараф этилиб эвакуациядан ўз уйларига қайтарилган фуқароларнинг кундалик овқатланиши, зарур озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик рўзғор эҳтиёжлари билан таъминланиши учун ўзига хос тизим яратилди. Ушбу тизимнинг мукаммал, фуқаролар норозилигига сабаб бўлмасдан, адолат мезонлари бузилмаган ҳолда ишлашини таъминлаш ва доимий назоратга олиш механизими ишлаб чиқилди.

Сирдарё вилояти прокурори раҳбарлигида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари прокурорлари зиммасига улкан масъулият юкланиб, тошқиндан талофат кўрган фуқаролар юз фоиз вақтинчалик яшаш жойи, уч маҳал иссиқ овқат, кундалик рўзғор учун зарур бўлган барча маҳсулотлар, ўзлари учун кийим-бош, кўрпа-тўшак, тозалик, санитария-гигиена, коммунал хизматлар билан тўлиқ таъминланиши бўйича ишлар тўлиқ йўлга қўйилди.
– Ушбу тизимга асосан, тошқиндан зарар кўрган бирор бир фуқаро эътибордан четда қолмаслиги муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сардоба тумани прокурори Азиз Уралов. – Сув тошқини оқибатида Сардоба туманида эвакуация қилинган 20 минг 563 нафар фуқаролардан 1 минг 132 нафари туманимиздаги 6 та ижтимоий соҳа объектларида, 2 минг 888 нафари аҳоли хонадонларида, 9 минг 300 нафари ўз хонадонларига қайтиб, яшаб келаётган бўлса, 7 минг 243 нафари бошқа вилоятлардаги қариндош-уруғлариникида яшамоқда.
Тумандаги 6 та ижтимоий соҳа объектлари, яъни 6-умумтаълим мактабида 302 нафар, 21-умумтаълим мактабида 224 нафар, 1-сонли мактабгача таълим ташкилотида 136 нафар, 3-сонли МТТда 193 нафар, ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактабида 155 нафар ва Баркамол авлод болалар ижодиёт марказида 122 нафар фуқаролар вақтинча яшаш учун жойлаштирилган.
Мазкур объектларга тегишли тартибда мажбурий ижро бюроси туман бўлими, Миллий гвардия, туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази ҳамда соғлиқни сақлаш ходимлари бириктирилиб, ушбу объектларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, шунингдек, аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, ётоқ анжомлари ҳамда уларга кунига 3 маҳал иссиқ овқат етказиб берилиши тизимли равишда амалга оширилаяпти.
Шу билан бирга, прокуратура ва МИБ ходимларидан иборат бириктирилган масъул вакиллар томонидан ҳар куни ушбу объектларда яшаётган ҳар бир фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, уларни эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотлар рўйхати шакллантирилмоқда ва талабномалар асосида омборхоналардан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари олиниб, ҳар бир фуқарога қандай ва қайси турдаги маҳсулотлар берилганлиги ҳақидаги маълумотлар ведомостга қайд этилиб, тарқатилмоқда.
Тумандаги жами 15 та маҳалладаги аҳоли хонадонларида эвакуация қилиниб, яшаб келаётган фуқароларга ҳам худди шундай тартибда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиши айнан шу тизим орқали амалга оширилаётир.

Бундан ташқари, вазирликлар, вилоятлар, ташкилот, идоралардан саховат ва кўмак сифатида турли хилдаги маҳсулотлар келиб, уларнинг ҳажми кенг бўлганлиги сабабли, маҳсулотлар тумандаги жами 11 та объектлар (хусусий дўконлар, деҳқон бозори ҳудудидаги савдо мажмуаси, мактаблар ва ҳоказолар)да ташкил этилган вақтинчалик омборхоналарда жойлаштирилиб, дезинфекция қилингач, ўз эгаларига етказилмоқда.
Олиб келинган ушбу маҳсулотлар қисқа муддатда туман прокуратураси, департамент, МИБ, молия ва солиқ ходимлари томонидан тўлиқ хатловдан ўтказилиб, тошқиндан талофат кўрганларга бўлиб берилгач, омборхоналар сони 3 тага қисқартирилди. Ушбу омборхоналар туман санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимлари томонидан мунтазам дезинфекция қилиниб, маҳсулотлар тури бўйича ихтисослаштирилган ҳолда жойлаштирилиб, сўнгра рўйхат бўйича ўз эгаларига етказилмоқда. Дарвоқе, бу омборхоналарда прокуратура, департамент, Миллий гвардия ва санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимларининг хизмати ташкил этилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Эвакуация қилиниб, аҳоли хонадонларида яшаётган ҳудудларда ҳам прокуратура ва МИБ ходимларидан иборат масъул вакиллар бириктирилган. Ҳар бир ходимнинг назоратида 2-3 тадан маҳалла бўлиб, эвакуация қилинган аҳоли эҳтиёжи бўйича маҳалла раисларидан келиб тушган талабномаларга мувофиқ, юк хати ва ведомостлар асосида озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар етказиб берилаётир.
Омборхоналарда маҳсулотларни кирим-чиқим амалиётларини қайд этиш китоби юритилган ҳолда кунлик тарқатилган маҳсулотлар бўйича расмийлаштирилган барча ҳужжатлар – талабнома, юк хати ва ведомость алоҳида-алоҳида йиғма жилдларга жамланмоқда.
Шу каби, омборхоналарда тузилган таҳлилий гуруҳ томонидан компьютер базасига ведомостларда қайд этилган фуқароларнинг исми-шарифи ва уларга қачон, қандай ва қайси турдаги маҳсулотлар, қанча миқдорда тарқатилганлиги ҳақидаги маълумотлар мунтазам киритиб борилмоқда.
Туман прокурори Азиз Уралов, «Буни бир кўринг!» дея бир қутичани қўлимга тутқазди. Ичида 2 сатр хати ҳам бор экан. Очиб ўқидим, «Бу пулга сардобалик болаларга китоб олиб беринглар, илтимос! Жиззахдан 8 ёшли Бону» деган ёзувни ўқиб, кўзим ёшланди. Қутича ичидаги пулни санадим. 1 дона 10 минг, 1 дона 5 минг, 10 дона минг сўмлик миллий валютамиз ўроғлиқ ҳолда ва 5 дона 100 сўмлик танга пул, жами 25 минг 500 сўм. Қизалоқнинг бор бойлиги шу! Дадаси, ойиси музқаймоққа ёки шарбатга, деб берган пулларидан иқтисод қилиб, тўплаган. Бошқа пули йўқ, уни. Лекин шу бор бойлигини ҳам тошқиндан талофат кўрган тенгқури учун жўнатаётган, ана шундай бағри кенг халқ бу.
Шундай меҳри дарё халқинг бор экан, ҳеч қачон юкинг ерда қолмайди, сардобалик юртдошим.