Ёзёвонда янги савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди
Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ёзёвон туманида ободонлаштириш ишлари, аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Президентмизнинг қарорига асосан, Ёзёвонни Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туманга айлантириш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бунга жавобан ёзёвонлик тадбиркорлар камида 500 миллиард сўмлик лойиҳаларни амалга оширишни кўзлашган. Ана шундай лойиҳалардан бири — Янги Ўзбекистон қиёфасида барпо этилаётган Юқори маҳалла ҳудудидаги “Абду Бренд” савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Дилшоджон Жалилов, маҳалла еттилиги аъзолари, нуронийлар, фаоллар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққан нуронийлар маҳаллада кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари учун Президентимизга ташаккур айтишиб, барпо этилаётган замонавий савдо мажмуалари ва хизмат кўрсатиш объектлари аҳолига янада қулайлик яратаётганини, маҳалла қиёфаси шаҳарлардан қолишмайдиган даражага етаётганини алоҳида таъкидладилар.

Мазкур лойиҳа тадбиркор Абдунаби Охунов раҳбарлигидаги «Охунов Абдуҳалил» МЧЖ томонидан амалга оширилди. Қиймати 3 миллиард сўм бўлган инвестиция ҳисобига 3 қаватли замонавий кийим-кечак савдо мажмуаси бунёд этилди. Натижада 11 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланди.

Янги савдо мажмуасининг ишга туширилиши аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Туроб Ниёз, ЎзА