Ёзувчи ва шоирлар “Саховат уйи”да
Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлар интернат уйида шоир, ёзувчилар билан адабий учрашув ҳамда китобхонлик тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда муассасада яшаётган отахон ва онахонлар, муассаса ходимлари, вилоятда ижод қилаётган бир гуруҳ шоир, ёзувчи ҳамда санъаткорлар иштирок этди.
Адабиёт, ижод ва китобхонлик ҳақида дилдан суҳбат бўлди. Бугун инсон қадрини улуғлаш давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айланган. Буни биргина Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ихтисослашган интернат уйида олиб борилаётган ишлар, бу ерда яшаётган инсонларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик мисолида ҳам кўриш мумкин.
Айни кунда 93 нафар кекса ва ногирон инсон яшаётган “Саховат” уйида уларнинг яшаши, саломатлигини сақлаш учун зарур барча шароитлар яратилган. Айниқса, муассасада ўтказилаётган маданий, адабий, маънавий-маърифий тадбирлар ана шу инсонларнинг кўнглини кўтариш, ҳаётларини янада мазмунли ўтказишларига хизмат қилмоқда.
[gallery-9477]
– Нафақат Андижон шаҳар “Саховат” интернат уйида, балки Қўрғонтепа “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар, Чувама “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйларида китобхонлик, адабий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишни белгилаб олганмиз, – дейди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону Қўчқорова. – Тадбирларимиз жисмоний имконияти чекланган, кўнгли ўксик, меҳрга муҳтож ана шу инсонлар қалбига оз бўлса-да қувонч, хурсандчилик, хуш кайфият улашади.
Тадбирда ёзувчи ҳамда шоирлар китобнинг инсон камолоти, жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти, китобхонлик маданияти, ўзбек адибларининг ўлмас асарлари хусусида сўз юритган бўлса, отахон ва онахонлар ўзлари ўқиган китоблар, олган таассуротлари ҳақида гапирди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, муассаса ахборот-кутубхона маскани отахон, онахонларнинг энг севимли масканига айланган. Уларнинг кўпчилиги кутубхонанинг доимий аъзоси ҳисобланади. Жорий йилнинг ўзида кутубхонага 15 жуфт стол-стул, 12 та китоб жавони, 16 миллион сўмлик янги китоблар сотиб олинди. Учрашувда шеъриятга қизиққан нуронийлар шеърлар ўқиди, фаол қатнашчиларга китоблар совға қилинди. Шеърхонлик куй-қўшиқ ва рақсларга уланиб кетди.
– Адабиётга жуда қизиқаман, ишдан бўш пайтларимда мен ҳам ижод қиламан, – дейди муассаса ходимаси Муҳайё Исмоилова. – Бу ерда яшаётган отахон ва онахонларнинг кўпчилиги кўп вақтини китоб ўқиш билан ўтказади. Шу боис ҳам улар билан ўқиган китоблари ҳақида фикрлашаман, бундан уларнинг кўнгли кўтарилади. Бугунги қизиқарли, самимий учрашув уларда унутилмас таассуротлар қолдиргани аниқ. Якунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан “Саxоват” уйи кутубхонасига 60 га яқин бадиий китоблар топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА