Ёз мавсуми беталафот ўтади
Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ёз мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланишича, вилоятда 10 та стационар болалар дам олиш ҳамда 132 та умумтаълим мактабларда ташкил этилган соғломлаштириш оромгоҳлари мавжуд. Уларда давлат ёнғин назорати органлари ходимлари томонидан профилактик кўрик ва текширувлар ўтказилди. Электр таъминотининг узлуксизлиги, ишчи-хизматчиларнинг ёнғин ёки фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш тартиби, ёнғин ўчиришга мўлжалланган сув ҳавзалари, гидрантлар созлиги ва сув билан таъминланганлиги ўрганилган.
[gallery-17650]
Вилоят соғлиқни сақлаш, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ҳам мунтазам амалга ошириб борилмоқда.
Бухоро вилояти ўзига хос иқлимга эга бўлиб, об ҳаво ҳарорати май ойининг ўрталарига келиб 35-40 даража иссиққача кўтарилиши беихтиёр аҳолини салқин сув ҳавзалари бўйига чорлайди.
Матбуот анжуманида мутахассислар томонидан вилоят ҳудудидаги чўмилишга рухсат этилган очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари тўғрисида маълумот берилди. Шу ўринда вилоят ҳудудидан ўтган канал, ариқ ва зовурлар чўмилиш учун рухсат этилмаган жойлар бўлиб, бу жойларда чўмилиш инсон ҳаёти учун жуда хавфли эканлиги таъкидланди.
Матбуот анжуманида иштирок этган журналист ва блогерлар томонидан ҳар бир йўналиш бўйича тегишли саволлар берилди. Саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.