Ёшларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланади
Тошкент амалий фанлар университетида «Сенатор ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим, бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакат тараққиётидаги иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда ёшлар таълим сифатини ошириш, бандлик имкониятларини кенгайтириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, ахборот технологиялари соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш ҳамда спорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббусларини билдирди.

Учрашувда билдирилган таклифлар юзасидан уларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилиниб, тегишли мутасадди ташкилотлар иштирокида кўтарилган масалаларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди.
Тадбир якунида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар билан очиқ мулоқотни тизимли давом эттириш ҳамда билдирилган таклифларнинг ижросини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА