Тошкентда қаровсиз ҳайвонлар учун илк бошпана ташкил этилади
Шаҳар фақатгина кўчалар, баланд бинолар ва ҳар куни ўз юмуши билан қаергадир шошилаётган минглаб одамлардангина иборат эмас. Шаҳарнинг асл қиёфаси унинг тил-забонсиз, ёрдамга муҳтож жонзотларга қандай муносабатда бўлишида ҳам яққол намоён бўлади. Айнан шу боис «Yunusabad City» ҳудудидаги хонадонлардан бирида юз берган ҳолат кишини бефарқ қолдирмайди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, у ерда тор ва талабга жавоб бермайдиган қафасларда сақланаётган ҳамда ачинарли шароитда кун кечираётган итлар аниқланган. Шунингдек, уларга нисбатан шафқатсизлик қилингани мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар келиб тушган. Мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари чуқур ўрганиб чиқилиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилиши таъминланади.
Мазкур хабар келиб тушгач, Юнусобод тумани ходимлари ва Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз ҳайвонларни тутиш хизмати ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб борди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан 20 га яқин ит қутқарилиб, «Ҳаёт» бошпанаси қарамоғига топширилди.
Бироқ ҳайвонларни қутқариш — бу ҳали биринчи қадам, холос. Қутқарилган ҳар бир жонзот ортида оғир синовлар, қўрқув ва азоб-уқубатлар, шу билан бирга, олдинда мутлақо бошқача, яхши ҳаёт кутаётганига бўлган умид ётади. Шу сабабли айни пайтда итларни зарур парвариш, муолажа ва хавфсиз шароитлар билан таъминлаш, шунингдек, содир бўлган воқеанинг барча тафсилотларини чуқур ўрганиш долзарб вазифа ҳисобланади.
Бундай вазиятларда бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслик лозим: ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик муносабати содир бўлган воқеага ким алоқадор эканидан қатъи назар, ўзгармаслиги керак. Гап инсон ҳақида кетадими ёки тақдири бутунлай инсоннинг меҳр-мурувватига боғлиқ бўлиб қолган жонзот ҳақидами, қонун олдида жавобгарлик ва ҳаётга ҳурмат ҳар доим устувор бўлиши шарт.
Бугунги кунда пойтахтимизда айнан шундай соғлом ёндашув босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Тошкентда қаровсиз ҳайвонлар учун илк ихтисослаштирилган шаҳар бошпанасини барпо этиш бошлаб юборилди. У шунчаки вақтинча сақлаб туриладиган жой эмас, балки меҳр-мурувват билан тутиш, ветеринария кўригидан ўтказиш, эмлаш, стерилизация қилиш, даволаш ҳамда уларга муносиб эгалар топишни ўз ичига олган яхлит ёрдам тизимига айланади.
Бундай тизим фақат кўчада қолган ҳайвонлар учунгина эмас, балки шаҳримиз учун ҳам бирдек зарур. Чунки қаровсиз жонзотларга нисбатан масъулиятли муносабат бир марталик қутқарув тадбирларидан эмас, балки касалликларнинг олдини олиш, сифатли ветеринария ёрдами ва ҳар бир фуқаронинг онгли ёндашувига асосланган изчил ишлардан бошланади.
Шу билан бирга, кенг жамоатчилик ва аҳолининг фаол иштирокисиз ҳеч қандай тизим тўлақонли ишлай олмайди. Бефарқ бўлмаслик, ўз вақтида хабар бериш ва ўзганинг дардидан четда қолмаслик баъзан бир жонзотнинг ҳаётини сақлаб қоладиган ҳал қилувчи қадамга айланади.
«Yunusabad City»даги ҳолат лоқайд бўлмаслик ва ўз вақтида чора кўриш қанчалик муҳимлигини яна бир бор исботлади. Маҳаллий аҳоли, ҳайвонлар ҳимоячилари, «Ҳаёт» бошпанаси ходимлари ва шаҳар хизматларининг ҳамжиҳатлиги туфайли жонзотлар хавфсизликка эришиб, янги ҳаёт бошлаш имкониятига эга бўлди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади,
ЎзА