Ёшларнинг мурожаатлари ижобий ечим топди
Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров ёшларнинг муаммолари билан танишиш, уларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ёшлар билан учрашди.
–Анчадан бери уйда ўтириб фарзандимни парвариш қилиш баробарида тикувчилик касби билан ҳам шуғулланиб келаман, –дейди Эски қалъа маҳалласида яшовчи Жумагул Тоштемирова. –Аммо тикув машинам эскиргани ишимни ривожлантиришга ҳалал бераётган эди. Менга субсидия асосида янги тикув машинаси олиб берилиши ишимнинг сифатини янада оширди. Шу боис биз каби ишсиз ёшларга кўрсатилаётган беминнат ғамхўрликдан миннатдормиз.
[gallery-16623]
– Яқинда туманимиздаги IT марказига ишга кирдим, – дейди Зарафшон маҳалласида яшовчи Беҳрўз Фатуллаев. – Ушбу соҳада устозларимдан олган катта илм ва тажрибамга таяниб, ёшларга IT соҳасини бепул, содда ва креатив усулда ўргатадиган махсус мобиль илова яратдим. Ушбу илованинг аҳамияти шундаки, у орқали барча қизиқувчилар учун тенг равишда исталган жойда, исталган вақтда бепул IT ни ўрганиш имкони яратилади. Мазкур илованинг туман ҳокими бошчилигидаги мутасаддиларга тақдимотини ўтказдим. Уларга ҳам маъқул келди. Мобиль иловани ёшлар орасида оммалаштиришга келишиб олинди.
Учрашувда йигирмага яқин ёшлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар, таклифлари билан масъулларга мурожаат қилди. Мурожаатлар эса жойида ечим топди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари