Ёшларнинг муаммолари тингланди
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов “Ёшлар куни” муносабати билан Қонликўл туманидаги прокурор оталиғига бириктирилган ёшлар билан учрашди.
Бевосита мулоқот шаклида ўтказилган мазкур учрашувдан кўзланган мақсад, ёшларнинг муаммоларини тинглаб, улардан лозим бўлганларини ижобий ҳал қилиш, қизиқишлари, олган билим ва ҳунарларидан келиб чиқиб бандлигини таъминлаш ёки касбга йўналтириш, ёшларга юртимиздаги халқчил ислоҳотлар, ёшлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида тўлиқ тушунтириш беришдан иборат бўлди.

Шунингдек, ёшлар онгида Ватанга садоқат, келажакка бўлган ишонч, уларда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш, адашганни тўғри йўлга қайтариш ҳисобланади. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар ўртасида содир бўлаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар оқибатлари юзасидан фикрлар алмашилди. Ёшларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди.
Шундан сўнг, туман прокурори томонидан оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолияти ва келгусидаги вазифалар юзасидан тақдимот қилинди. Бундан ташқари, ёзги дам олиш вақтида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши борасидаги қилинган ишлар, қўшимча фан тўгаракларининг фаолияти билан танишилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири