Китоб ўқиб, дунёни кез: “Дунё мамлакатлари” танлови ғолиблари хорижга йўлланма олди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида муаллиф Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби асосида ташкил этилган кенг кўламли интеллектуал танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 22 май 2026 йилдаги тегишли фармойиши билан юртимизда тизимли Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берилганди. "Дунё мамлакатлари" китоби асосида ўтказилган интеллектуал танловни ҳам айнан ушбу эзгу ҳаракатга ҳисса қўшиш мақсадида қилинган эзгу интилиш сифатида баҳолаш мумкин.
“Қанот” ва “Дастхат” лойиҳалари томонидан ташкил этилган мазкур танлов ёшларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг глобал дунёқараши ва халқаро билимларини юксалтиришда ҳам янги қадам бўлди.
Дунёда турли геосиёсий қарама-қаршиликлар авж олиб, глобал миқёсда давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч таназзулга юз тутаётган, ташқи ёт оқимлар ва мафкуравий таъсирлар муттасил хуруж қилаётган бир пайтда, мазкур лойиҳа ёшларимиз учун ўзига хос маърифий қалқон вазифасини ўтайди.
– Халқаро майдондаги ҳозирги шиддатли ўзгаришлар шароитида ёшларимиз дунё тамаддунидан узилиб қолмасликлари, аксинча, жаҳондаги барча давлатларнинг сиёсий-иқтисодий ва маданий жараёнларини теран англайдиган интеллектуал қатлам бўлиб етишишлари шарт, – дейди муаллиф Лазиз Раҳматов. – Махсус бот орқали ўтказилган мазкур лойиҳа доирасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш билан бирга, йигит-қизларимизда конструктив мулоқот маданиятини, халқаро муносабатларга нисбатан холис дунёқарашни, халқлар ўртасида тинчлик-тотувликни таъминлаш муҳим масала эканини теран тушунтиришни мақсад қилдик.
Замонавий онлайн шаклда ташкил этилган ушбу танлов қисқа фурсатда кенг жамоатчилик ва ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Икки ой давом этган билим марафонида республикамизнинг барча ҳудудларидан 1 минг 200 нафардан зиёд интилувчан ўғил-қизлар иштирок этди.
[gallery-30443]
Танловга асос бўлган “Дунё мамлакатлари” энциклопедияси жаҳон давлатларининг ўтмиши ва бугуни, табиати, маданияти, ташқи сиёсати ва энг муҳими, Ўзбекистон билан икки томонлама дўстона муносабатлари акс этган қимматли асардир.
Иштирокчилар китобдан ўрин олган 236 та мамлакатнинг 30 таси бўйича “оддийдан мураккаблик сари” тамойили асосида ташкил этилган икки босқичли тест ва кун ора ўтказилган интерфаол викториналарда ўз билимларини синовдан ўтказди.
Танлов якунига кўра, жами 200 нафар иштирокчи ва фаол тарғиботчилар тақдирланди. Эътиборлиси, 6 нафар соринли ўринлар ғолиблари китобда мутолаа қилган давлатларини ўз кўзлари билан бевосита кўриш имкониятига эга бўлади:
1-2-ўрин: Туркия давлатига;
3-4-ўрин: Миср давлатига;
5-6-ўрин: Вьетнам давлатига сайёҳат йўлланмаси ва махсус дипломлар.
Шунингдек, 7-15-ўрин эгаларига пул мукофотлари, 16-150-ўрин соҳибларига умумий ҳисобда 1000 та китоблар тўплами ҳамда лойиҳани кенг ёритган 20 нафар энг фаол тарғиботчиларга махсус совғалар топширилди. Тақдирлаш маросимида юртимизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари, санъаткор ва журналистлари иштирок этди.
Шу куни янги ташкил этилган “Билимлар лигаси” платформаси доирасида соврин жамғарамаси 5 минг дона китобдан иборат бўлган “Битта китоб ўқиймиз – ўнта китоб ютамиз” танловига старт берилди.
Бу каби танловлар ёш авлодни нафақат китобга ошно қилиш, балки уларни Ўзбекистонни дунёга танитадиган салоҳиятли ва билимдон авлод бўлиб камол топишига хизмат қилади.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (суратлар),
ЎзА