Ёшларнинг Германияда ўқиши ва ишлаши учун қулай имконият яратилди
Пойтахтимизда ёшларнинг Германияда дуал касбий таълим — Ausbildung дастурида таҳсил олиши, касбий малакасини ошириши ва халқаро меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун имконият яратадиган икки янги марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳомийлигидаги Касбий таълим моддий-техника таъминоти маркази биноси таъмирланиб, замонавий ўқув хоналари, мебель ҳамда техник жиҳозлар билан таъминланди. Натижада “PROFI DEUTSCH” немис тили ва “TELC” халқаро имтиҳон марказлари фаолиятини йўлга қўйиш учун барча зарур шароитлар яратилди.

“PROFI DEUTSCH” - бу ёшларни немис тилига ўқитиш, Германияда таълим олиш ва қонуний меҳнат фаолиятига тайёрлашга ихтисослашган марказ бўлиб, 10 ойлик дастур асосида тингловчилар немис тилини бошланғич босқичдан B1 даражасигача ўрганади. Марказ бир вақтнинг ўзида 180 нафар ёшни қамраб олиш имкониятига эга.

“TELC” халқаро имтиҳон маркази эса немис тилини билиш даражасини халқаро мезонлар асосида баҳолаш ва халқаро сертификат олиш учун имтиҳон топшириш имконини беради. Марказда ойига 300–400 нафар, йилига 3 600–4 800 нафар номзод учун имтиҳон ташкил этиш режалаштирилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА