Президент нафақат набирасига, бизга ҳам мактуб йўллади
Ватан тинчлиги, халқ фаровонлиги, фарзандлар камоли ва юрт келажаги ҳақидаги самимий сатрлар – ҳар биримиз учун ўзига хос ҳаётий сабоқ. Баъзан бир оғиз савол инсонни катта мулоҳазаларга бошлайди. Баъзан эса бир мактубда бутун бир авлодга тегишли орзу-умидлар, ҳаётий хулосалар ва келажак олдидаги масъулият мужассам бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи чоғида набираси Шавкатбекка йўллаган мактуби ҳам ана шундай мазмунга эга. Дастлаб оилавий самимият билан бошланган ушбу мурожаат аслида миллионлаб юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодга қаратилган ҳаётий сабоқ ва эзгу тилакларни ўзида ифода этади.
«Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» деган болаларча самимий саволга жавоб берар экан, давлат раҳбари бундай сафарлар замирида халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, фарзандлар учун муносиб шароит яратиш, уларнинг замонавий билим олишига имкониятларни кенгайтиришдек эзгу мақсадлар мужассам эканини таъкидлайди.
Мактубнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири ҳам шунда: унда шахсий меҳр ва оилавий қадриятлар халқ тақдири, Ватан келажаги билан уйғунлашиб кетган.
Дарҳақиқат, тинчлик – инсон ҳаётидаги энг катта неъмат. Осойишта юртдагина болалар мактабга хотиржам қатнайди, оилалар келажак режаларини тузади, тадбиркорлик ривожланади, янги корхоналар, турар жойлар ва ижтимоий объектлар қад ростлайди. Бунёдкорликнинг ҳар бир намунаси, аввало, ана шу осойишталик ва барқарор тараққиётнинг амалий ифодасидир.
Сирдарё вилояти мисолида ҳам бу жараёнларни турли йўналишларда кузатиш мумкин. Кейинги йилларда ҳудудда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, тиббиёт ва таълим муассасаларини замонавийлаштириш, рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Масалан, соғлиқни сақлаш тизимида рақамли имкониятларни кенгайтириш борасидаги ишлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган. Сирдарё рақамли вазиятлар марказининг ташкил этилиши, 74 та шошилинч тиббий ёрдам бригадаси ва 11 та шаҳар-туман стационар шифохонасининг ягона рақамли тизимга интеграция қилиниши тиббиёт соҳасидаги муҳим ўзгаришлардан биридир.
Гулистон шаҳридаги 1-оилавий поликлиниканинг реконструкция қилиниши ҳам бирламчи тиббий хизмат инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишлар сирасига киради. Бундай лойиҳаларнинг аҳамияти фақат янги бино ёки замонавий жиҳозларда эмас, балки инсон саломатлиги, унинг ҳаёт сифати ва эртанги кунга бўлган ишончида намоён бўлади.
Президент мактубида болаларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Ундаги «Сизлар бахтли, тўкис ва фаровон яшашингиз учун нимаики лозим бўлса, ҳаммасини қиламиз», деган фикр замирида катта масъулият мужассам.

Бугун Сирдарёда ҳам ёшларнинг билим олиши, иқтидорини намоён этиши, фан, спорт ва ижод соҳаларида ўз ўрнини топиши учун имкониятларни кенгайтириш масаласи муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро олимпиадаларда иштирок этаётган ўқувчилар, турли танловларда ғолиб бўлаётган ёшлар, замонавий касбларни эгаллашга интилаётган йигит-қизлар бугунги меҳнат ва эътиборнинг эртанги натижасидир.
Мактубда замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, бироқ уларга қарам бўлиб қолмаслик ҳақидаги фикрлар ҳам бугунги давр учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки замонавий технологиялар қанчалик ривожланмасин, инсоннинг билими, мустақил тафаккури, изланиши ва меҳнатсеварлиги ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Яна бир муҳим жиҳат – вақтнинг қадри. Президент мактубида вақтни ортга қайтариб бўлмаслиги, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланади. Бу фикр нафақат ёшлар, балки ўз олдига аниқ мақсад қўйган ҳар бир инсон, ҳар бир жамоа ва ташкилот учун ҳам муҳим ҳаётий мезондир.

Сирдарёда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, янги лойиҳалар, ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши, қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларнинг жорий этилиши ҳам ўз-ўзидан натижа бермайди. Бу жараёнларда ташаббус, масъулият, билим ва фидойилик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳар бир бунёдкорлик ишининг ортида инсон меҳнати, унинг орзу-умиди ва келажакка ишончи мужассам.
Мактубнинг яна бир таъсирли ўрни ундаги Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва одамийлик фазилатлари ҳақидаги мулоҳазалардир. Давлат раҳбари набирасига қайси касбни танлашидан қатъи назар, Ватанга наф келтиришга, эл корига ярашга интилишни насиҳат қилади.
Бу фикрлар ҳар биримизга тегишли. Зеро, юрт равнақи фақат йирик лойиҳалар ёки катта марралар билан эмас, балки ҳар бир инсоннинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши, ҳалол меҳнати, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан ҳам белгиланади.

Мактубдаги муҳим хулосалардан бири унинг якуний қисмида ўз ифодасини топган. Президентнинг бу сўзлари нафақат набирасига, балки юртимиздаги ҳар бир бобо ва ота, ҳар бир буви ва онанинг ўз фарзандларига йўллаган самимий дил изҳори, эзгу тилак ва ҳаётий насиҳатларидир.
Демак, бу сатрлар фақат бир оилага эмас, бутун жамиятга тегишли. Унда тинчликнинг қадрини билиш, яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, фарзандларни билимли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, юрт тараққиётига ҳисса қўшиш каби умуминсоний қадриятлар мужассам.
Сирдарёликлар учун ҳам бу мактубдаги фикрлар ҳаётимиздаги оддий, аммо муҳим ҳақиқатни яна бир бор эслатади: тинчлик бор жойда бунёдкорлик, бунёдкорлик бор жойда тараққиёт, билим ва имконият бор жойда эса келажакка ишонч мустаҳкамланади.
Бир сўз билан айтганда, Ватан келажаги фақат эртанги кунга қолдириладиган орзу эмас. У бугун қурилаётган мактабларда, янгиланаётган шифохоналарда, қад ростлаётган иншоотларда, меҳнат қилаётган инсонлар ва билим олаётган ёшлар ҳаётида намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири