Ёшларнинг бўш вақтлари мазмунли ташкил этилади
Андижон вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Акмалжон Тангирқулов ёшлар билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Мулоқотда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши учун имкониятлар эшиги очиб берилаётганлиги таъкидланди.
– Бугун юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, – дейди А.Тангирқулов. – Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида энг аввало, ёш авлод манфаатлари, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва ижтимоий ҳимояси масалалари туради.
Айни пайтда Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 55 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Улар ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларидаги жараёнларда фаол иштирок этмоқда.
Учрашувда вилоятда жорий йилда ёшлар сиёсати йўналишида амалга ошириладиган устувор режалар, янги лойиҳалар ва ташаббуслар ҳақида маълумотлар берилди. Ана шу жараён ва тадбирларда ёшларнинг фаол иштироки муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
Бошқарма бошлиғи вилоят ёшларига мурожаат қилиб, берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиш, илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик ва бошқа барча жабҳаларда илғор бўлишга чақирди.
Мурожаатда “Андижон ёшлари – юксак марралар сари интилаётган куч!” шиори остида жорий йилда ёшлар билан ишлаш борасида устувор вазифалар белгилаб олинганлиги, хусусан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, спорт ва санъатга қизиқишини кучайтириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди. Шу боис, ҳар бир туман, шаҳарда ёшлар етакчилари томонидан ёшлар билан ишлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Вилоят ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги ҳарбий ватанпарварлик тадбирларига 61 минг нафар, шунингдек, турли лойиҳа ва танловларга 12 минг нафардан ортиқ, “Ибрат академияси” иловаси орқали хорижий тилларни ўзлаштиришга 145 минг нафар, “Қизлар академияси” иловаси орқали турли касбларни ўрганишга 35 минг нафар хотин-қиз, “Мутолаа” иловаси орқали китобхон ёшлар сафини кенгайтиришга 470 минг нафар, “Узчесс” иловаси орқали шахматни ривожлантиришга 88 минг нафар, “Устоз АИ” иловаси орқали замонавий касбларни ўрганишга 83 минг нафар ёшлар жалб этилади. Ана шу ва бошқа лойиҳалар орқали жорий йилда вилоятдаги 950 минг нафардан зиёд ёшнинг бўш вақти мазмунли ташкил этилади.
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш натижасида “Ишсизликдан холи маҳаллалар” сонини 2 бараварга ошириш, “Жиноятчиликдан холи маҳаллалар” сонини 110 тага етказиш кўзда тутилган.
Вилоят ёшларининг етакчиси ўз мурожаатида ҳар бир ёшнинг имкониятини рўёбга чиқариш, уларни замон талаби асосида етук, билимдон, юксак салоҳиятли, фидойи ва ватанпарвар шахслар қилиб тарбиялашга қаратилган жараёнларда андижонлик ёшларнинг фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари