Ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади
ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси ва Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириши ва инновацион ғояларини рўёбга чиқаришига қаратилган қатор янги ташаббуслари аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, давлат сиёсати доирасида ҳар йили 500 минг нафар ёшни замонавий касбларга ўқитишга қаратилган “Келажак билимлари экотизими”ни жорий этиш, “Касб ваучери” орқали ҳар йили 50 минг нафар ёшнинг касб ўрганиш харажатларини қоплаш, эҳтиёжманд оилалардан бўлган 85 минг нафар ёшнинг хусусий ўқув марказларида бепул таълим олиш имконияти яратилади.
Олий таълим муассасаларини битирган ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари жорий этилиши эса камида 200 минг нафар ёшни иш билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшлар мини-франшизаси” дастури доирасида маҳаллий брендлар асосида бизнес бошлаётган ёшларга 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. Шунингдек, Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси истиқболли лойиҳаларга 5 миллиард сўмгача инвестиция киритади.
Бундан ташқари, “1000 та масалага — ёшлардан 1000 та ечим” лойиҳаси доирасида ҳар бир вазирлик ва ҳудудда инновацион ғояларни молиялаштириш учун камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғармалари ташкил этилади.
Қўшма йиғилишда сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳам эътироф этилди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 20 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилиши, янги IT-Парклар барпо қилиниб, 20 мингдан зиёд юқори даромадли иш ўринлари яратилиши каби ташаббуслар иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Йиғилишда Президентимизнинг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Унга мувофиқ, “Маҳалланинг креатив тадбиркор ёшлари”, “Ёш инноваторлар ва технологлар”, “Ёш муваффақиятли тадбиркор”, “IT ва сунъий интеллект етакчилари” каби лойиҳалар амалга оширилиб, ёшларнинг касбий билимлари, тадбиркорлик кўникмалари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ташаббуслар ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, тадбиркорликни кенгайтириш ҳамда ёшлар фаоллигини оширишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА