Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш давлатга 462,4 миллиард сўм зарар келтирди
Энергетика соҳасида жорий йилнинг дастлабки олти ойида ўтказилган назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 1 минг 837 та қонунбузарлик ҳолати фош этилди. Бу ҳақда "Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев маълум қилди.
Текширувлар натижасида 63,3 миллион метр куб табиий газнинг қонунга зид равишда сарфлангани аниқланди. Ушбу ҳажмнинг қиймати 181,8 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, 149,7 миллион киловатт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлиб, бунинг қиймати 280,5 миллиард сўмга тенг. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонунбузилишлар туфайли давлат манфаатларига жами 462,4 миллиард сўм зарар етказилган.
Назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган истеъмолчиларга нисбатан 2 минг 831 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Нефть маҳсулотлари сифати устидан олиб борилган назорат ишларида ҳам қатор қонунбузилишлар аниқланди. Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳамда бошқа корхоналардан олинган намуналар лаборатория таҳлилидан ўтказилганда, 233 та ҳолатда жами 5 544,3 тонна сифат талабларига жавоб бермайдиган нефть маҳсулоти аниқланиб, уларнинг реализация қилинишига чек қўйилди.
Йил бошидан буён давлат хизматлари доирасида 6 минг 37 та объектнинг электр таъминоти лойиҳаси экспертизадан ўтказилди ва улар бўйича тегишли хулосалар расмийлаштирилди. Шу билан бирга, 3 минг 586 та истеъмолчининг электр қурилмалари техник кўрикдан ўтказилиб, белгиланган тартибда далолатномалар берилди.
Шунингдек, умумий қуввати 56,4 МВт бўлган 418 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилди. Яна умумий қуввати 9,3 МВт бўлган 145 та объектнинг электр қурилмалари ишга тайёрлиги юзасидан ижобий хулосалар тақдим этилди.
Қуввати 50 кВт ва ундан юқори бўлган истеъмолчиларда олиб борилган ишлар натижасида 3 427 та объектга реактив энергияни компенсация қилувчи қурилмалар ўрнатилди. Бу эса 16,3 миллион киловатт-соат электр энергиясини тежаш имконини берди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА