Ёшларни қўллаб-қувватлаш эътиборда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.
Топшириқ ижроси доирасида Сурхондарё вилояти ёшлар ишлари агентлигида ташкил этилган штабда вилоят ёшларининг муаммо ва таклифлари ўрганилиб, маълумотлар базаси шакллантирилди.
Намунали деб танлаб олинган Термиз шаҳар ҳамда Олтинсой туманидаги жами 56 минг 953 нафар ўғил-қиздан 46 минг 292 нафари билан сўровнома ўтказилиб, маълумотлар базаси шакллантирилди. Қолган 10 минг 661 нафари эса яшаш манзилида бўлмаганлиги сабабли сўровномалар тўлдирилмаган.
[gallery-989]
Хатлов якунларига кўра, Термиз шаҳар ҳамда Олтинсой туманида 14 минг 809 нафар ўғил-қиз расмий ишлайдиган, 14 минг 552 нафари бугунги кунда норасмий меҳнат фаолияти билан банд бўлганларни ташкил этди. 8 минг 84 нафари уй бекаси, 7 минг 523 нафар вақтинча ишсиз, 1 минг 324 нафари 2020 йилда таълим муассасаларини тамомлаб, ҳозирда ишсиз эканлиги аниқланди. 18 минг 141 нафар ёш эса қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналарида ҳамда тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначилик йўналишларида ишлаш истагини билдирган. 2 минг 988 нафар ёшларнинг турли соҳадаги муаммолари аниқланди.
Ўрганиш натижалари асносида ёшларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, иш билан банд бўлмаган ёшларни касбга ва тадбиркорликка ўқитиш, иш билан таъминлаш каби чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Суратларда: 1,2,3,4,5,6-Сурхондарё вилояти Ёшлар ишлари агентлигида.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ, ЎзА