Ёшларга хорижда ўқиш имкониятлари тақдим этилди
Сирдарё вилоятида «Эл-юрт умиди» жамғармаси кунлари доирасида ёшларнинг хорижда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишишига кўмаклашиш мақсадида учрашувлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Мазкур тадбирлар ёшларни дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олишга рағбатлантириш, уларнинг илғор билим ва тажриба орттириши ҳамда келгусида эгаллаган салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига йўналтириши учун муҳим имконият яратди.
Учрашувлар Гулистон шаҳридаги Вилоят ёшлар маркази, Президент мактаби ҳамда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида ўтказилди. Шунингдек, вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларидаги ёшлар Zoom платформаси орқали ташкил этилган мулоқотларда онлайн иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Тадбирларда «Эл-юрт умиди» жамғармаси вакиллари, таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчилари, талабалар, умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари, ёшлар етакчилари, давлат хизматчилари ҳамда жамғарма стипендиатлари қатнашишди. Мулоқотларда ёшларнинг хорижда таълим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, халқаро стипендия дастурлари ҳақида маълумот бериш ва келгуси касбий фаолиятини режалаштиришга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда фармонда белгиланган вазифалар, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва хорижда таълим олиш учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Жамғарма масъул ходимлари очиқ стипендия танловларида иштирок этиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар, танлов босқичлари ҳамда ҳужжатларни тайёрлаш жараёнларини тушунтирди. Шунингдек, хорижда таҳсил олиш учун пухта тайёргарлик кўриш, хорижий тилларни ўрганиш ва зарур билим ҳамда кўникмаларни эгаллаш муҳимлиги таъкидланди.
[gallery-31866]
— Бизнинг асосий мақсадимиз — иқтидорли ёшларга ўз салоҳиятларини намоён этиш, дунёнинг етакчи таълим муассасаларида билим олиш ва халқаро тажриба орттириш учун кенг имкониятлар яратишдир. Ёшлар қаерда яшаши ёки қандай ижтимоий шароитда улғайишидан қатъи назар, ўз билими ва интилиши билан нуфузли стипендияларни қўлга киритиш имкониятига эга эканини англаши муҳим. Хорижда эгалланган билим ва тажриба келгусида мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилиши лозим, — деди «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директорининг биринчи ўринбосари Даврон Абдурашидов.
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида ўтказилган учрашувда ҳам талабаларнинг халқаро таълим дастурларига қизиқишини ошириш, уларни янги билим ва кўникмаларни эгаллашга рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жамғарма вакиллари билан мулоқот талабаларга хорижда таълим олиш имкониятлари, стипендия танловларида иштирок этиш шартлари ва келгусида малакали мутахассис бўлиб етишиш йўллари ҳақида маълумот олиш имконини берди.
— Бундай учрашувлар талабалар учун муҳим тажриба майдони ҳисобланади. Улар орқали ёшлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолияти, очиқ стипендия танловлари ва номзодларга қўйиладиган талаблар билан яқиндан танишади. Бу эса уларни ўз устида ишлашга, хорижий тилларни пухта ўрганишга ва замонавий билимларни эгаллашга ундайди. Энг муҳими, хорижда олинган сифатли таълим ва илғор тажриба келгусида юртимиз равнақига хизмат қилиши керак, — дейди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ғиёс Дониёров.
Учрашувларда хорижда таълим олиш нафақат нуфузли университетларда таҳсил кўриш, балки дунёқарашни кенгайтириш, замонавий илмий ва амалий ёндашувларни ўзлаштириш ҳамда халқаро тажриба орттириш имконияти экани қайд этилди. Шунингдек, стипендиатларнинг ўқишни тамомлагандан сўнг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашиши, касбий салоҳиятларини рўёбга чиқариши ва Миллий кадрлар захирасига киритилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятида таълим имкониятларидан тенг фойдаланиш тамойили муҳим ўрин тутади. Шу боис тадбирларга мактаб ўқувчилари ва талабалар билан бир қаторда, хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда ёш давлат хизматчилари ҳам жалб этилди. Бу эса ёшларнинг ижтимоий шароитидан қатъи назар, ўз қобилияти ва билими орқали юксак мақсадларга эришиши учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, 2018–2025 йилларда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 2 минг 300 нафарга яқин юртдошимиз хорижда таълим олиш ва халқаро тажриба орттириш имкониятига эга бўлган. Уларнинг 1 минг 300 нафари бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олиш учун 40 га яқин давлатга юборилган. Келтирилган маълумотларга мувофиқ, 630 нафар стипендиат хорижда ўқишни давом эттираётган бўлса, 1 минг 600 нафардан зиёди Ўзбекистонга қайтиб, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, муҳандислик, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, тиббиёт ва илм-фан соҳаларида фаолият юритмоқда.
Шунингдек, 2025 йил 5 майдаги Президент фармони талаблари асосида 2025–2026 йилларда ўтказилган очиқ стипендия танловларида 447 нафар ёш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси совриндори бўлди. Уларнинг 332 нафари бакалавриат, 100 нафари магистратура, 15 нафари эса докторантура дастурлари бўйича таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Стипендиатларнинг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этгани таълимда тенг имкониятларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Ғолибларнинг 80 фоизи дунёнинг ТОП-100 университетларига қабул қилинган.
— «Эл-юрт умиди» жамғармаси кунлари доирасидаги тадбирлар ёшларнинг хорижда таълим олиш имкониятлари ҳақидаги хабардорлигини ошириш, уларни янги мақсадлар сари руҳлантириш ва мамлакатимиз тараққиёти учун зарур бўлган билимли, ташаббускор ҳамда рақобатбардош кадрларни тайёрлашга кўмаклашишга қаратилган. Бундай учрашувлар ёшларга ўз келажагини режалаштириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва юксак мақсадлар сари интилишда муҳим туртки беради, — дейди жамғарманинг Рақамлаштириш ва ахборот-таҳлил бошқармаси бош инспектори Қаҳрамон Бектемиров.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси кунлари доирасидаги тадбирлар 15 октябрга қадар республика бўйлаб давом этади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА