Ёшларга сифатли таълим беришда масъулиятли бўлмоқ лозим
Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Кенгайтирилган форматда, бошқарманинг ҳудудлардаги таркибий бўлинмалари вакиллари, мактабгача ва мактаблар раҳбарлари иштирокида видеоконференция тизими орқали танқидий-таҳлилий тарзда ташкил этилган тадбирда бир қатор мавзулар кўриб чиқилди.
Тадбирда Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ғайрат Ҳамроев ҳудуд бўйича тизимда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Хусусан, ўтган йил бошидан 3 та давлат хусусий шериклик асосидаги, 10 та хусусий, 280 та оилавий боғчалар ташкил этилди. Натижада 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 69 фоиздан 73,3 фоизга кўтарилди. Мактаб таълими тизимида 2024 йил 11-синфни 29 минг 943 нафар битирувчи тамомлади. Уларнинг 22 минг 936 нафари олийгоҳларга ҳужжат топширган ва 40 фоиз ёшлар талабаликка қабул қилинди. Ушбу кўрсаткич бўйича Тошкент вилояти Республика рейтингида 11 ўринга кўтарилди.

Шунингдек, Республика тадбирларида кўплаб ютуқлар қўлга киритилди. Мисол учун, фан олимпиадаларининг Республика босқичида биология фанидан бир нафар ўқувчи ғолибликни қўлга киритди. “Жадидлар изидан” кўрик танловининг Республика босқичида Пискент ва Бекобод тумани ўқувчилари муносиб қатнашди. Жумладан, Бўстонлиқ тумани 1-мактаб ўқувчиси Руслан Раҳимжонов Перу давлатининг Лима шаҳрида спортнинг оғир атлетика тури бўйича ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлди.
Йиғилишда ютуқлар билан бирга, тизимда кўз юмиб бўлмайдиган камчиликлар мавжудлиги ҳам айтилди. Хусусан, асосий фан олимпиадаси туман-шаҳар ва вилоят босқичлари сарҳисоби доирасида, мактабгача таълим тизимидаги, таълим сифатини ошириш, топшириқ ва вазифаларга панжа орасидан қараш ҳолатлари ҳам тилга олинди.

Жумладан, Пискент туманидан вилоят олимпиадасида қатнашган ўқувчилар биронта ўрин эгаллай олмагани танқид қилинди. Бунга ҳудуд масъуллари ҳамда мактаб директорлари ёшларга қўшимча тайёргарлик кўриш учун етарлича шароит яратмагани таъкидланди.
Ҳайъат йиғилишида муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
А.Мусаев, ЎзА