Ёшларга қалб қўри ва меҳрини бахшида этган педагог
Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўри, меҳрини бахшида этади.
Андижон вилояти педагогик маҳорат маркази Аниқ ва табиий фанлар методикаси кафедраси профессори, педагогика фанлари доктори (PhD), Шоирахон Аҳмедова ҳақида сўз кетганда беихтиёр юқоридаги фикрлар келади.
У Андижон давлат педагогика институтини тамомлаб, Андижон педагогика билим юртида меҳнат фаолиятини бошлаган. Кейинчалик бошқа қатор таълим муассасаларида ишлади. Мана ўттиз етти йилдирки, у муаллимликнинг машаққатли ва шарафли йўлини босиб ўтмоқда.
Эътироф этиш керакки, турли таълим муассасаларида самарали меҳнат қилган устоз педагог фаолияти давомида билим ва малакасини ошириш учун доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди, кўплаб ютуқларга эришди.
У иш жараёнида ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди, услубий тавсиянома ва қўлланмалар ишлаб чиқди. Унинг информатика фани, замонавий ахборот технологияларидан дарс жараёнларида кенг фойдаланиш борасидаги илғор иш услублари педагоглар орасида кенг оммалашган.
Меҳнат фаолияти давомида МДҲ давлатлари педагоглари иштирокида ўтказилган 20 дан зиёд таълим форумларида, шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан таълим йўналишида ўтказилган семинар ва анжуманларда фаол иштирок этди. У 1 та монография, 3 та электрон дарслик (ҳаммуаллифликда), 3 та ўқув қўлланма, 9 та ўқув-услубий қўлланма, 12 та илмий-услубий тавсиянома, 30 дан ортиқ маъруза мажмуалари муаллифидир.
У Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Умумий педагогика ва психология кафедрасида мустақил тадқиқотчи сифатида “Информатика ўқитувчиларининг психологик ва ижодий тафаккурини ривожлантириш” мавзусида докторлик иши устида илмий-тадқиқотлар олиб борди, илмий ишни муваффақиятли ҳимоя қилиб, педагогика фанлари бўйича доктор (PhD) илмий даражасини олди.
Халқаро тажриба алмашиш ва малака ошириш дастурлари, жумладан, Озарбайжон ва Франциядаги таълим лойиҳаларида фаол қатнашган устоз олган билим ва тажрибаларини педагоглар, шогирдларига ўргатиб келмоқда.
Шоирахон Аҳмедова касбининг етук мутахассиси, моҳир ва фидойи ўқитувчи, шу билан бирга, ўзининг ташкилотчилиги, илм-фан янгиликларини дарсларга татбиқ этиш борасидаги ташаббускорлиги билан нафақат ўз жамоасида, балки вилоят педагоглари орасида ҳам ҳурмат қозонган.
Тажрибали педагог таълим соҳасидаги самарали меҳнатлари, эришган ютуқлари, изланишлари учун кўп бор Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вазирлиги ва бошқа қатор ташкилотлар томонидан фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар билан тақдирланган. Шоирахон Аҳмедова куни кеча “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланди. Мукофотлар муборак бўлсин.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири