Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари
Ҳар қандай давлатнинг эртанги куни, келажаги бугунги ёшларга, уларнинг билим ва тафаккурига, илмий салоҳиятига боғлиқ. Бинобарин, айни кунларда мактаб партасида ўтирган, техникум ёки олийгоҳда ўқиётган, устозидан ҳунар ўрганаётган навқирон йигит-қизлар эртага ўз касбининг эгаси, етук кадрлар бўлиб етишади, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган авлодга айланади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларда фаол қатнашаётган, бемисл ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўриб-билиб улғаяётган ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари, десак янглишмаган бўламиз.
Аҳолисининг ярмидан кўпини айнан ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги етти йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёз берилгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
Президентимиз ташаббуси билан ёшлар билан ишлашда янги тизим яратилди, ҳар бир ёш бугун унинг самарасини ўзининг ҳаёти мисолида яққол сезмоқда.

Таъкидлаш керакки, соҳада амалга оширилаётган барча ишларнинг бош мақсади – юртимиз ёшларини маърифатли қилиш, уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат.
Фарғона вилояти мисолида оладиган бўлсак, вилоят аҳолисининг 1 миллионга яқинини 14-30 ёшдагилар ташкил этади. Уларнинг ҳар бири давлатимиз эътиборини ҳис этиши, орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан энг қуйи бўғин – маҳаллада ёшлар билан ишлашга эътибор қаратилиб, улар билан индивидуал ишлаш, эътиборга муҳтож ёшларнинг муаммоларини бартараф этиш, уларнинг бандлигини таъминлашга асосий вазифа сифатида қаралмоқда. “Оғир” тоифадаги ёшлар бириктирилаётган раҳбарларга маҳаллалардаги истеъдодли ва иқтидорли ёшларни ҳам номма-ном бириктириш амалиёти жорий этилмоқда.
Жорий йил бошида Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларига ёшларни бириктириш, уларни оталиққа олиш ҳамда ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Шунга асосан вилоят бўйича 325 минг нафар ёшлар ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари ҳамда уларнинг қуйи бўлинмалари ходимларига тақсимланиб, шахсан оталиққа олиниши ва кафил бўлиши орқали уларда ватанпарварлик, жамият ҳаётига дахлдорлик ва қонунларга ҳурмат каби эзгу туйғулар шакллантирилишига эришилмоқда.

Фарғона давлат университетида бугунги кунда 30 минг нафардан ортиқ талаба-ёшлар таҳсил олмоқда. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб, сифатли таълимни таъминлаш ва талаба-ёшлар учун муносиб шароитни яратиш – олий таълим муассасаларининг энг асосий вазифаларига айланди. Ўтган йилда университетда давлат хусусий шерикчилик асосида 804 ўринли 2 та талабалар турар жойи қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Талабаларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Умуман, ёшларимизни маънавий-ахлоқий камол топтириш, маърифатли қилиш, уларнинг эртага етук мутахассис бўлиб етишишлари йўлида ҳали қилинадиган ишлар бисёр. Уларни тизимли равишда амалга ошириш, ютуқлар сонини кўпайтириб, муаммоли ҳолатларни камайтириш мутасаддилардан тортиб, ўзини мана шу юрт фарзандиман деган ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи, десак муболаға бўлмайди. Зеро, жаннатмакон ватанимиз жамоли бугун кечагидан гўзалроқ, халқимиз турмуши эртага бугунгидан обод ва фаровон бўлиши айнан шу борада қанчалик тер тўкишимиз, жон куйдиришимизга боғлиқ.
Азизбек Ғофуров,
Фарғона давлат университети магистратура бўлими бошлиғи