Ёшлар хуқуқларини кафолатлаган қомус
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 45-моддаси.
Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бугунги кунда юртимизнинг ҳар бир фуқароси, айниқса, ёшлар Конституцияни ҳамда унда белгиланган ўз ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятларини яхши билиши лозим. Бош Қомусимизда ёшлар, вояга етмаганлар ҳамда болаларнинг ҳам барча турдаги шахсий, сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлаб қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41, 45, 64, 65-моддаларида вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари мустаҳкамланган бўлиб, ушбу моддалар вояга етмаганларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун асос бўлиб хизмат қилади.
Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Феруза МУҲИДДИНОВА билан суҳбатимиз Бош қомусимизда ёш авлод ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларининг ифода этилиши ҳамда мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.
– Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган бўлса, мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни, деб эълон қилинди, – деди Ф.Муҳиддинова. – Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти ва «Келажак бунёдкори» медали таъсис этилди.
2020 йил 30 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Президентимизнинг 2021 йил 13 июлдаги фармонига кўра, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилаётир.
“Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилмоқда. Шунингдек, ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилаётганининг ўзи ёшларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаган Конституция ва қонунларнинг амалий ифодасидир.
– Конституциямизда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлибгина қолмай, ўз ҳудудида ва унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди. Ҳаётимизда бу тамойил нималарда намоён бўлмоқда?
– Дарҳақиқат, Конституция мамлакатда олий юридик кучга эга. Бу борада кутилмаган синовлар – пандемия шароитида юртимиздан хорижга меҳнат қилиш учун чиқиб кетган фуқароларимизни юртимизга қайтарилгани, улар учун махсус, алоҳида авиа қатновлари қўйилганини халқимиз унутган эмас.
Инфекция билан касалланиш даражаси юқори бўлган давлатлардан келган фуқаролар 14 кунлик карантинга жойлаштирилиб, тиббий ёрдам кўрсатилганининг ўзи олий қадриятдир. Бу эса Конституциянинг 24-моддасида қайд этилган яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир.
Иккинчидан, Янги Ўзбекистонда ҳар бир инсон адолатли шароитда яшаши таъминлансагина, унинг давлатга ва қонунларга ҳурмати ошади. Шу боис ҳам, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» шакллантирилганидан барчамиз хабардормиз. Чунки унинг ортида инсон тақдири ётади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилди. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилди. Ҳатто бугун олий таълим тизимида ўқиётган талаба-ёшлар учун ҳам “Ёшлар дафтари” юритилади.
Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандларига алоҳида эътибор қаратилганининг ўзи қадрият ва Конституция берган ҳуқуқдир. Жумладан, бу борада Президентимизнинг “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилда боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига, ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга ҳамда «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан пул тарқатилгани қадриятларимизнинг конституциявий ҳимоясидир.
– “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” бўйича ҳам самарали ишлар қилинмоқда. Айтингчи, “Ёшлар дафтари”да қандай мақсадлар мужассам этилган?
– 14-30 ёш қатламидаги ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиши билан бирга, уларнинг таълим-тарбияси учун ажратилаётган моддий кўмак ҳам ҳар бир ўзбекистонлик ёшнинг қадрини кўтарган адолатпарвар сиёсатнинг конституциявий асоси дейиш мумкин.
Шунингдек, қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, агар иш берувчи касб-ҳунар коллежи битирувчисини ишга олса, унга ижтимоий солиқни тўламаслик бўйича имтиёз берилган. Бир вақтнинг ўзида абитуриентлар бешта олий таълим муассасасига тест имтиҳонларини топшириши ҳам янгилик.
Қувонарли томони шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 апрелдаги тегишли қарорига кўра, Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича ёшларимизга имтиҳонлар харажатлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлиқ қоплаб берилади. Бунда имтиҳон топширган шахс харажатларни қоплаш бўйича аризани Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда топшириб, IELTS – 7 балл, TOEFL – 95, GMAT – имтиҳон натижаларининг ҳар бири бўйича 75 фоиз, GRE – имтиҳон натижаларининг ҳар бири бўйича ва SAT – 1200 балл тўплаган бўлса, албатта, бу харажатлар қопланади. Ўқув курсларида ўқиш учун тўланган харажатлар учун ҳам имтиёзлар яратилаётгани ёшларимизга катта имкониятдир.
– Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, махсус сертификат олган ёшларни қўллаш бўйича вазифалар белгиланган. Бу қандай тартибда амалга оширилади?
– Ушбу қарорга асосан махсус сертификат олган ёшларга «Микрокредитбанк» томонидан тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган кредитлар таъминотсиз ажратилади. Жорий йилнинг 1 октябридан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган, деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этишнинг йўлга қўйилиши фуқароларимизга бўлган эътиборни ҳар қандай сансоларликдан халос этишга кенг йўл очди.
Мазкур тамойилнинг конституциявий асоси Конституциянинг 39-моддасида белгиланганидек, “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.”
– Инсон ҳаётида яшаш жойини гоҳида ўзгартириши мумкин. Бу ҳуқуқ Бош қомусимизда қандай нормалар билан белгиланган?
– Албатта, бу табиий жараён. Аввало, бу инсон ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқдир. Шу сабабли, ушбу ҳолатлар ҳам Конституцияда ўз ифодасини топган. Унга кўра, яъни 28-моддада қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган муносабатнинг халқаро эътирофи сифатида мен, мамлакатимизни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлганида кўрар эканман, шуни фахр билан таъкидлашни истардимки, бугун юртимизда амал қилаётган пробация институти инсонпарварлик тамойилининг янги босқичига кўтарилган давридир.
Ўз навбатида, ёшлар ҳам Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган бурч ва мажбуриятларини бажаришлари лозим. Унга кўра, ёшлар Конституция ва қонунларга риоя этиш, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, шунингдек, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб-авайлашга мажбурдирлар. Конституциямизнинг 52-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди.