Ёшлар хавфсизлиги огоҳлик ва ҳушёрликдан бошланади
Гиёҳвандлик, ҳуқуқбузарлик, одам савдоси ва ис газидан заҳарланиш — инсон ҳаёти, саломатлиги ва келажагига таҳдид солувчи жиддий хавф. Уларнинг олдини олиш, аввало, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида огоҳликни ошириш, ҳуқуқий билим ва хавфсизлик маданиятини шакллантиришни талаб этади. Сайхунобод туманида ўтказилган тарғибот тадбирида шу каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Унда туман ҳокими ўринбосари Шуҳрат Баратов, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими вакили ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг тумандаги масъул ходими иштирок этди.

Мулоқот давомида гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, оила ва жамиятга салбий таъсири, ёшларнинг жиноят ва ҳуқуқбузарликларга аралашиб қолишининг олдини олиш, одам савдоси билан боғлиқ хавф-хатарлардан ҳимояланиш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, шубҳали таклифларга алданмаслик, ўз ҳуқуқларини билиш ва хавфли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Куз-қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш хавфи ортиши муносабати билан газ ва иситиш мосламаларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳам тушунтирилди. Мўрилар ва шамоллатиш тизимларининг созлигини текшириш, хоналарда ҳаво алмашинувини таъминлаш, носоз ускуналардан фойдаланмаслик инсон ҳаётини асрашда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Туман ҳокими ўринбосари Шуҳрат Баратов ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларни турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилишда оила, маҳалла, таълим муассасалари ҳамда масъул ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Тадбир якунида профилактик ишларни тизимли давом эттириш, ёшлар билан манзилли мулоқотни кенгайтириш ва мавжуд хавф-хатарларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди. Зеро, хавфсиз келажак огоҳлик, масъулият ва ҳамжиҳатликдан бошланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири