“Ёшлар ва қонун” ҳуқуқий танлови
“Ёшлар ва қонун” республика кўрик- танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Олий суди, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳақиқий иммунитетни шакллантириш, қонунбузилиши ва коррупция ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотиш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ташкил қилинди.

Шаҳардаги 11 та туманнинг иқтидорли ёшлари “Суд мажлисларининг модели”, “Ҳуқуқий ислоҳотлар босқичи”, “Ёшларга оид қонунчилик – ёшлар нигоҳида”, “Ҳуқуқингни англа” каби шартлар асосида қизғин баҳс олиб борди.
Ташаббускорлик, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида билдирилган таклифларнинг долзарблигини инобатга олиб, якуний хулосага кўра, Олмазор тумани ёшлари ғолиб бўлди ва республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ҳар бир гуруҳ иштирокчилари ўз чиқишларида янгидан- янги ғоя ва ташаббусларни илгари сурди. Танлов қизғин тортишувларга бой бўлди. Ғолиб жамоалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирланди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА