Ёшлар учун тажриба ва имкониятлар майдони
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ёш фермерлар мактаби” лойиҳаси доирасида бир гуруҳ кўнгилли ёшлар Оролбўйи халқаро инновация марказига ташриф буюришди.
Ташрифнинг асосий мақсади ёшларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларни замонавий агротехнологиялар, инновацион ёндашувлар ҳамда илғор тажрибалар билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилаётган ўқув-семинарлар ёшларни фермерликка қизиқтириш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган амалий билимларни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Интенсив дастур давомида иштирокчиларга бозор талабига мос маҳсулотлар етиштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш, маркетинг ҳамда сотув стратегиялари бўйича тушунчалар берилди.
Тадбирда Оролбўйи халқаро инновация маркази мутахассислари томонидан бу ерда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, фермерлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга тупроқ таркиби ва сифатига қараб экин турларини танлаш, сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш, ўсимликларни парваришлаш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш, ҳосилдорликни оширишнинг замонавий усуллари, томорқачилик, боғдорчилик ҳамда балиқчилик соҳалари бўйича амалий тавсиялар берилди.
Семинарнинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, назарий билимлар амалий мисоллар билан мустаҳкамланди. Ёшлар инновацион иссиқхоналар, кўчатчилик майдонлари ва тажриба участкалари билан танишиб, юқори ҳосилдорликка эришишда инновацияларнинг аҳамиятини яқиндан кўрдилар. Мутахассислар томонидан рақамли технологиялардан фойдаланиш, иқлим ўзгаришларига мослашган қишлоқ хўжалиги усуллари ҳамда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича ҳам қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.
– Мен икки йилдан буён Шуманай туманида хонадонимиз ёнидаги 6 сотих ер майдонда боғдорчилик билан шуғулланиб келаман. Семинар давомида боғни янада ривожлантириш, маҳсулотлар сифати ва ҳосилдорлигини ошириш бўйича кўплаб янги маълумотларга эга бўлдим. Айниқса, тупроқ таҳлили асосида ўғитлаш, томчилатиб суғориш технологиялари ва мева дарахтларини тўғри парваришлаш бўйича берилган тавсиялар мен учун жуда фойдали бўлди. Олган билимларимни амалиётга татбиқ этиб, боғдорчилик фаолиятимни янада кенгайтиришни мақсад қилганман, – дейди тадбир иштирокчиси, талаба Феруза Сербаева.
Таъкидлаш жоизки, “Ёш фермерлар мактаби” лойиҳаси қишлоқ хўжалиги соҳасида билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёшлар қатламини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бундай амалий семинарлар орқали ёшлар нафақат соҳага оид билимларини бойитмоқда, балки келажакда ўз фермерлик фаолиятини йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлмоқда. Шу жиҳатдан мазкур тадбир ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири