Самарасиз бошқарув ва молиявий камчиликлар сабаб “Ғиссарнефтгаз” раҳбарияти ишдан олинди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда “Ғиссарнефтгаз” ҚК МЧЖнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, мавжуд қудуқлар фонди ҳолати, активлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда молиявий аҳволи атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, корхона тасарруфидаги 8 та конга тегишли 142 та қудуқдан атиги 24 таси ишламоқда. Бу эса қудуқлар фондининг бор-йўғи 17 фоизи иқтисодий самара келтираётганини англатади. Қолган қудуқларнинг аксар қисми ҳаракатсиз ҳолатда бўлиб, айримлари вақтинча тўхтатилган ёки тугатилиш арафасида экани таъкидланди.
Махсус ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган таҳлиллар корхона ўз ихтиёридаги ресурслардан етарлича самарали фойдалана олмаётганини кўрсатган. Шунингдек, 2025 йил учун белгиланган табиий газ қазиб чиқариш режаси атиги 40,5 фоизга бажарилгани маълум қилинди. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш ва бошқарувда жиддий муаммолар мавжудлигидан далолат бериши қайд этилди.

Йиғилиш давомида корхонанинг молиявий-интизомий ҳолати ҳам танқид остига олинди. Хусусан, ишчиларга бир неча ой давомида иш ҳақи тўланмагани ва айрим раҳбар ходимларга юқори миқдорда маош белгилангани айтилди.
Шу билан бирга, текширувлар давомида сохта ходимлар орқали маблағларни ўзлаштириш ҳолатлари аниқлангани маълум қилинди. Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўриш ва масъул шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш бўйича ишлар олиб борилаётгани билдирилди.
Аниқланган камчиликлар, қониқарсиз ишлаб чиқариш натижалари ҳамда молиявий бошқарувдаги муаммолар сабаб қўшма корхона раҳбарияти эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Жамият ахборот хизматига кўра, йиғилиш якунида янги раҳбарият олдига корхонани молиявий соғломлаштириш, фойдаланилмаётган техника ва автотранспорт воситаларини реализация қилиш, активларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА