Ёшлар учун ўрта махсус, касбий таълимдан олий таълимга узлуксиз ўтишнинг жозибадор шакллари жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, мамлакатда илғор хорижий тажрибалар асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларининг интеграцияси таъминланади, маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ўртасида дастурларни ўзаро тан олиш орқали академик мобиллик кучайтирилади, шунингдек, интеграциялашган дастурларни халқаро рейтингларнинг топ-100 талик рўйхатга кирувчи университетлари академик талабларига мувофиқлаштирилади ҳамда ушбу йўналишдаги ишлар жадаллаштирилади.
Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) ишлаб чиқилган интеграциялашган ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини тизимли жорий этиш жадаллаштирилади;
б) ёшлар учун ўрта махсус, касбий таълимдан олий таълимга узлуксиз ўтишнинг жозибадор шакллари жорий этилади;
в) ёшларнинг халқаро даражада тан олинган дастурларда таълим олиш имкониятлари кенгайтирилади;
г) "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан ҳамкорликда стипендиатлар учун ажратиладиган маблағларни янада самарали йўналтириш, номзодларни саралаш тизими такомиллаштирилади.
Марказга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:
а) ишлаб чиқилган интеграциялашган дастурларни QS (Quacquarelli Symonds) ёки THE (TheTimes Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотлари глобал рейтингининг топ-100 талик рўйхатига кирувчи ҳамкор олий таълим ташкилотларининг академик талабларига солиштириш ва мувофиқлаштириш;
б) топ-100 талик рўйхатга кирувчи ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан тан олинадиган бакалавриатда "1+3", "2+2", магистратурада "1+1" каби таълим моделларини ишлаб чиқиш;
в) Ўзбекистон Республикасида етакчи хорижий олий таълим ташкилотларининг олий маълумот тўғрисидаги дипломини беришга қаратилган тузилмаларни (кампус, филиал, франшиза, таълим дастурларини амалга ошириш марказлари ва бошқалар) ташкил этиш бўйича келишувга эришиш.
Қарор билан Буюк Британия илғор тажрибаси асосида интеграциялашган таълим дастурларини жорий қилишни янада кенгайтириш мақсадида тажриба-синов тариқасида Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Интеграциялашган дастурлар олий мактаби ташкил этилади.
ЎзА