Ёшлар учун кенг имкониятлар
Мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи йил сайин ортиб бормоқда. Шу кунларда олийгоҳларга абитуриентларнинг ҳужжат топшириши айниқса янада қизғин паллага кирган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг статистик маълумотига кўра, 14 июль соат 18.00 га қадар 2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун my.dtm.uz ва my.gov.uz сайтлари орқали онлайн рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 575 минг 834 нафарни ташкил этмоқда.
Бу йил олий таълим даргоҳларига қабул жараёни қандай кечади? Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Мажит КАРИМОВ қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Маълумки, 2022 йил 20 июндан Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди. Абитуриентларни рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz сайти) орқали онлайн тарзда амалга оширилмоқда. 2022 йилнинг 14 июль соат 18.00 ҳолатига кўра олийгоҳга ҳужжат топширган абитуриентлар 575 минг 834 нафарни ташкил этди.
Рўйхатдан ўтиш учун абитуриентларда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, яъни биометрик паспорт ёки ID-карта ҳамда умумий ўрта таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши етарли. Бунда абитуриентларнинг паспорт маълумотлари, яъни фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, расми каби маълумотлар Давлат персоналлаштириш марказидан реал вақт режимида олинади.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар эса олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан рўйхатдан ўтказилади. Бунда фуқаролиги бўлмаган абитуриентларнинг ҳужжатлари қабул комиссиялари томонидан синчиклаб ўрганилади.
Қорақалпоғистондаги абитуриентларни рўйхатга олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Гарчи интернет билан боғлиқ муаммолар бўлсада, 9 июлдан бошлаб my.dtm.uz ва my.gov.uz сайтлари тўлиқ ишламоқда ва абитуриентлар мазкур сайтлар орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида жойлашган Давлат хизматлари марказларида ҳам абитуриентларни рўйхатга олиш йўлга қўйилган. Бунда Давлат тест маркази ва олий таълим муассасаларидан мутахассислар Давлат хизматлари марказларига абитуриентларга маслаҳат бериш учун жалб этилган. Шунингдек, my.dtm.uz ва my.gov.uz сайтлари орқали рўйхатдан ўтиш мумкинлиги тўғрисида ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида СМС-хабарлар юборилди.
Яна бир муҳим жиҳат – Қорақалпоғистондаги абитуриентлар учун рўйхатга олиш муддатларини узайтириш бўйича таклифлар тайёрланган бўлиб, унинг ижобий ҳал бўлиши кутилмоқда.
Бу йили таълим йўналишларини танлашда таълим шакли бўйича чеклов олиб ташланди. Жорий йилда абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишларини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини танлаш ҳуқуқи берилди. Натижада абитуриентлар таълим йўналишларини турли таълим шакллари доирасида танлашлари мумкин бўлди.
Мисол учун, биринчи таълим йўналишини кундузги, иккинчи таълим йўналишини кечки, учинчи таълим йўналишини сиртқи, тўртинчи таълим йўналишини масофавий таълим шакли доирасида танлаш мумкин.
Яна бир янгилик шуки, бу йил чет тилидан касбий имтиҳонлар ўтказилади. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳамда Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон давлат педагогика ва Нукус давлат педагогика институтларининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий имтиҳон ўтказилади.
Абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтишда чет тилидан ижодий имтиҳон ўтказиладиган 5 тагача таълим йўналишини танлашлари мумкин. Бунда чет тилидан ижодий имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари билан бирга тест синови ўтказиладиган таълим йўналишларини танлашга рухсат этилмайди.
Чет тилидан ижодий имтиҳонлар 2 босқичда ташкил этилиб, 1-босқич – тинглаб тушуниш, ўқиш ва ёзиш кўникмаларини баҳолаш имтиҳонлари қоғоз шаклда, 2-босқич – гапириш кўникмасини баҳолаш имтиҳонлари эса Давлат тест маркази томонидан ишлаб чиқилган дастур орқали махсус жойларда электрон тарзда ўтказилади.
Чет тилидан ижодий имтиҳонда тўплаш мумкин бўлган максимал балл ҳар бир кўникма бўйича 30 баллдан жами 120 баллни ташкил этади.
Абитуриентларнинг чет тилидан ижодий имтиҳонлар бўйича тўплаган баллари олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига киришда 93 баллга нисбатан пропорционал тарзда ҳисобланади.
Яна бир янгилик шуки, бу йил тест пайтида абитуриентларга асосий формулалар жадвали берилади. Маълумки, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида абитуриентларга Д.И.Менделеевнинг кимёвий элементлар даврий жадвали берилади.
2020 йилдан бошлаб абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида физика фанидан “Доимий физик катталиклар ва шартли белгилашлар жадвали” ҳам берила бошланди.
Жорий йилдан эса халқаро стандартлар ўрганилган ҳолда абитуриентларга кимё, физика ва математика фанларидан асосий формулалар жадвалини бериш режалаштирилган.
Шунингдек, тест топшириқларини ишлаш учун қораламалар ҳам абитуриентларга тақдим этилади. Олдинги йилларда абитуриентларга кимё, физика ва математика фанларидан тест топшириқларини ишлашлари учун тест топшириқлари китобининг охирига қўшимча оқ варақ қўшиб берилар эди.
Жорий йилдан бошлаб эса абитуриентларга янада қулайлик яратиш мақсадида кимё, физика ва математика фанларида ҳар бир тест топшириғидан сўнг мисол ишлаш учун маълум миқдорда жой қолдириш режалаштирилган. Натижада абитуриентлар мисолни тест топшириқлари китобининг охирига кўчириб, ишлаш ўрнига шу ернинг ўзида ишлаш имконияти яратилди.
Бу йилги тест синовлари мамлакатимизнинг 53 та стадион ва хиёбонларида ўтказилади. Шу кунларда тест синовларининг юқори савияда, тартибли ошкора ва шаффоф ўтказилиши учун зарур барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
ЎзА мухбири Назокат УСМОНОВА ёзиб олди.