Ёшлар учун ҳарбий маҳорат намойиши
Сирдарё туманидаги “Сирдарё” соғломлаштириш оромгоҳида “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлаш ва ҳарбий касбга қизиқишини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши, Гулистон ҳарбий прокуратураси, Мудофаа вазирлиги жамоатчилик кенгаши, Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги сафарбарлик чақирув резерв баталёни, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси Кинология бўлинмаси ҳамда Миллий гвардия вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир давомида ёшлар учун қурол-аслаҳалар ва замонавий ҳарбий техникалар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Мутахассислар ҳарбий хизматнинг ўзига хос жиҳатлари, ҳарбий техникаларнинг имкониятлари ҳамда мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Айниқса, вилоят Ички ишлар бошқармаси Кинология бўлинмаси томонидан намойиш этилган хизмат итларининг чиқишлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар хизмат итларининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қидирув-қутқарув ишларини амалга ошириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим ўрни ҳақида сўзлаб бердилар.


Тадбир иштирокчилари ҳарбий хизматчилар билан мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Бу эса уларнинг ҳарбий соҳа ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишга хизмат қилди.

– Мазкур тадбир ёшларнинг Ватанга садоқат, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилишга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга замин яратади, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.


Тадбир ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни ҳарбий касбга қизиқтириш ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА