Ёшлар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
Сирдарё вилоятида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб танлаши ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтиришга қаратилган навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. “Келажак” марказида ташкил этилган очиқ мулоқот ёшлар билан давлат идоралари раҳбарлари ўртасидаги самарали мулоқот майдонига айланди.
Тадбирда вилоят прокурори ўринбосари Анвар Шукуров, Сирдарё вилояти “Келажак” маркази директори Авазбек Маматов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов, шунингдек, марказ ўқувчилари, талаба-ёшлар ва фаол ёшлар иштирок этишди.

Очиқ мулоқот давомида марказда ёшлар учун яратилган имкониятлар, фан тўгараклари фаолияти, уларнинг хусусий таълим марказларидан афзал жиҳатлари, замонавий шарт-шароитлар ва малакали мутахассислар иштирокида ташкил этилган таълим жараёни хусусида фикр алмашилди. Ёшлар марказда таълим олиш нафақат иқтисодий жиҳатдан мақбул, балки халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритиш имкониятини ҳам бераётганини таъкидлади.

Учрашувда касб танлаш масаласи ҳам муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Хусусан, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат қилиш истагидаги ёшлар соҳага қабул тартиби, олий таълим муассасалари, хизматнинг ўзига хос хусусиятлари ва касбий ривожланиш имкониятлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олишди.

Очиқ мулоқотнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири ёшлар томонидан ишлаб чиқилаётган инновацион лойиҳалар тақдимоти бўлди. Марказ ўқувчиларидан бири оилалардаги жанжал, зўравонлик ёки бошқа хавфли вазиятларни овоз орқали аниқлаб, геолокация маълумотини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга автоматик тарзда юборадиган мобил илова лойиҳасини тақдим этди. Ташаббус иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, уни амалиётга татбиқ этишда кўмак бериш масаласи муҳокама қилинди.

Шунингдек, талаба-ёшлар волонтёрлик ҳаракатини кенгайтириш, олий таълим муассасаларидаги ёшлар координаторлари фаолиятини кучайтириш, иқтидорли ёшлар учун Тошкент шаҳридаги тарихий ва маърифий масканларга, жумладан, Ўзбекистон цивилизацияси марказига саёҳатлар ташкил этиш бўйича таклифларини билдирди.
Учрашув давомида билдирилган барча таклиф ва ташаббуслар масъуллар томонидан қайд этилиб, уларни амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
— Бугун мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган. Ушбу очиқ мулоқот ҳам самимий ва конструктив руҳда ўтди. Ёшлар томонидан билдирилган таклифлар асосида яқин кунларда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши, “Келажак” маркази ва Болалар ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланади. Бу ҳужжат ёшлар ташаббусларини амалий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов.

Тадбир якунида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши томонидан “Келажак” маркази кутубхонаси фондига жадидчилик тарихи, миллий маърифат ҳамда болалар ва ёшларга мўлжалланган ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарлари совға қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири