“Юрт қайғусида 365 кун” – Президентимиз фаолиятини акс эттирган китоб
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилдаги давлат ва сиёсий фаолияти ҳамда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларга бағишланган “Юрт қайғусида 365 кун” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, китоб муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров, академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар китоб Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳамда халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини ёритувчи муҳим тарихий ва маънавий манба эканини таъкидлади.
Хусусан, “Юрт қайғусида 365 кун” китобининг муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров китобни яратиш ғояси кенг китобхонлар жамоатчилиги, зиёлилар ва ўқувчиларнинг таклиф ҳамда мурожаатлари асосида шаклланганини таъкидлади. У муҳаррир сифатида нашрни тайёрлаш жараёнида тарихий холислик, ҳужжатлар ишончлилиги ва фактларнинг аниқлигига устувор аҳамият берилганини қайд этиб, китоб Янги Ўзбекистон тараққиётининг ўзига хос тарихий солномаси сифатида бугунги ва келажак авлод учун қимматли манба бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
[gallery-30297]
Таъкидланганидек, мазкур тақдимот юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, тарихий хотирани асраш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда ёш авлодни Ватанга садоқат, фидойилик ва юксак масъулият руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи муҳим маънавий-маърифий тадбир сифатида акс этди.
Тадбир доирасида ҳуқуқий, сиёсий ва бадиий китоблар ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Якунда меҳмонларга академиянинг эсдалик нишонлари топширилди.
Гулноз Бобоева,
Носиржон Ҳайдаров(сурат),
ЎзА