Ёшлар парламенти вакиллари билан очиқ мулоқот
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакиллари “Навоийуран” давлат корхонасида бўлиб, корхона фаолияти билан танишди ва ёшлар билан учрашди.
“Навоийуран” давлат корхонаси давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 мартдаги “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган.
Бугунги кунда ушбу корхона томонидан Қизилқум минтақасида табиий уран қазиб олиниб, уран оксиди экспорт қилинмоқда.

– Марказий Қизилқум ҳудудида уран конларини ўзлаштириш илк бор 1958 йилда бошланган, – дейди “Навоийуран” ДК Бош директор маслаҳатчиси Аброр Султонов. – Учқудуқ кони биринчи бўлиб очиқ ва ер остидан қазиб олиш йўли билан ўзлаштирила бошланган. Соҳани кейинчалик янада ривожлантириш натижасида водородли қумтош конларида ер остида ишқорлаш усули жорий этилган. Ҳозирги кунда “Навоийуран” давлат корхонаси барқарор ва жадал ривожланиш йўлида дадил одимлаётган ва ўз маҳсулотларини 100 фоиз экспортга йўналтираётган йирик корхоналардан биридир.

Корхонанинг асосий ишлаб чиқариш маҳсулоти табиий уран ва аммоний перринати (рений) бўлиб, “Зафаробод” кон бошқармаси, “Учқудуқ” ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонларида жойлашган умумий 11 минг гектарлик ҳудуддаги 21 та уран конлари ҳамда бу конларни ўзида бирлаштирган 6 та геотехнологик конларда қазиб олинмоқда. 2030 йилгача яна 6 та конни ўзлаштириш режалаштирилган.
Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЕ) аъзоси бўлган “Навоийуран” давлат корхонаси ҳозирда ORANO (Франция), “Cameco Corporation” (Канада), “Korea Hydro & Nuclear Power Co., Ltd” (Корея Республикаси), Konverdin (АҚШ), Ҳиндистон ҳукуматининг “Атом энергияси департаменти” каби халқаро ҳамкорларига ураннинг чала оксиди кўринишидаги табиий уран маҳсулотини экспорт қилиб келмоқда.

Бугунги кунда корхонада 9300 нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг 23 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Айни пайтда 11 нафар ёш рационализаторлик лойиҳалари ва ишланмалар устида иш олиб бормоқда.
Тадбирда бир гуруҳ ёшлар сўзга чиқиб, “Навоийуран” давлат корхонасида уран ишлаб чиқариш, бунёдкорлик ишлари ва амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларда ёшларнинг ўрни ҳақида сўз юритди.

– “Навоийуран” давлат корхонасидаги ўрганишларимиз давомида Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Навоий вилоятидаги вакили сифатида парламент аъзолари билан ҳамкорликда бир қатор муҳим таклифлар ишлаб чиқдик, – дейди Муҳаммад Исматов. – Маълумки, мазкур корхона юқори илмий ва технологик потенциалга эга стратегик объект ҳисобланади. Бу ердаги олим ва муҳандислар мавжуд шароитлардан келиб чиқиб, инновацион ечимлар орқали иқтисодиётга аниқ фойда келтираётган инсонлардир. Улар амалга ошираётган лойиҳалар харажатларни қисқартириб, самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда. Шу боис, биз илмий ва амалий фаолият олиб бораётган мутахассисларга магистратурада давлат гранти асосида таҳсил олиш имкониятини яратиш таклифини илгари сурмоқдамиз. Бу ташаббус орқали илм-фанни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли мутахассисларни рағбатлантириш ва уларнинг хизматларини муносиб қадрлашни мақсад қилганмиз.
Очиқ мулоқот қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири