Ёшлар парламенти ва UNFPA: «Орзудан келажакка» онлайн кампаниясига старт берилди
Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан "Орзудан келажакка: қизларнинг ҳуқуқлари, танлови ва имкониятлари" онлайн кампаниясига старт берилди.
Тадбирда ёшлар, давлат органлари вакиллари, турли соҳаларда фаолият юритаётган етакчи хотин-қизлар, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Асосий муҳокамада Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова, UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзада ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари ўринбосари Рената Врубел иштирок этди.

Сўзга чиққанлар қизларнинг сифатли таълим олиши, ўз қобилиятини намоён этиши ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида қатнашиши учун шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади. Бунда ёш хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Ушбу ташаббус Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган "Гендер тенгликка эришиш учун зарарли ижтимоий меъёрлар ва қарашларни ўзгартириш" (CHANGE) минтақавий дастури доирасида амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги хотин-қизларни қамраб олишга қаратилган мазкур кампания 2027 йил 8 мартга қадар давом этади.
Кампаниянинг асосий мақсади – қизларнинг ҳуқуқлари, эркин танлови ва имкониятлари ҳақидаги мулоқотни кенгайтириш, уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришига кўмаклашадиган ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган.
Тадбирда «Орзудан келажакка» умуммиллий онлайн медиа- челленжи ҳам тақдим этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА