Бир соатда тарих ёзган ўзбек қизи
18 ёшли Гулнора Дилшодбекова бир соат давомида велосипедни рулга қўл теккизмасдан бошқариб, жаҳон рекордини ўрнатди.
Унинг матонати, мувозанатни сақлаш маҳорати ва қатъияти ёшлар, айниқса, қизлар учун илҳом манбаидир.
Баъзан инсоннинг имкониятларини масофа эмас, ирода белгилайди. Бир қарашда оддийдек туюлган велосипедда ҳаракатланиш ҳам юксак маҳорат, мукаммал мувозанат ва кучли диққатни талаб этади. Айниқса, бир соат давомида рулга қўл теккизмасдан йўл босиш осон иш эмас. Ўзбекистонлик 18 ёшли Гулнора Дилшодбекова эса айнан шу синовда ўзининг фавқулодда маҳоратини намоён этиб, жаҳон рекордини янгилади.

Гулнора белгиланган 25 километрлик минимал талаб билан чекланиб қолмади. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълумотига кўра, кучли матонат соҳибаси бир соат ичида 31,6 километр масофани босиб ўтиб, ўз номини Гиннеснинг рекордлар китобига киритишга муваффақ бўлди.
Ҳар қандай катта натижанинг ортида кўпчилик кўрмайдиган меҳнат, такрор-такрор бажарилган машқлар ва машаққатли тайёргарлик туради. Гулноранинг муваффақияти ҳам ана шу омиллар уйғунлигини намоён этади. Велосипедни рулга қўл теккизмасдан бошқаришда энг кичик ҳаракат ҳам натижага таъсир қилиши мумкин. Бундай шароитда мувозанатни сақлаш, ҳаракатни назорат қилиш ва диққатни бир нуқтада жамлаш катта маҳорат талаб этади.

Ҳар бир берилган имкон ва катта ютуқлар янги авлод қалбида “мен уддалай оламан” деган ишончни уйғотади. Зеро, бугун жаҳон рекордини ўрнатган бир нафар ўзбекистонлик қиз эртага яна кўплаб ёшларни ўз орзулари сари дадил қадам ташлашга ундаши мумкин. Гулнора Дилшодбекованинг тарихий натижаси — ўзбек ёшларининг салоҳияти, матонати ва интилишлари чегара билмаслигининг яна бир ифодаси.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА