Ёшлар Ўзбекистон бунёдкорларига айланишмоқда
Бухоро вилоятида ёшларнинг касбий салоҳиятини намоён этиш, уларни меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар сифатида шакллантириш ҳамда замонавий касбларга бўлган қизиқишини янада кучайтиришга қаратилган муҳим тадбирлар изчил давом этмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири бўлган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари – 2026” касбий маҳорат миллий танловининг биринчи босқич ғолибларини тақдирлаш маросими Бухоро шаҳрида юқори савияда ташкил этилди.
Бугунги кунда мамлакат тараққиётининг муҳим омили бўлган билимли, ташаббускор ва юқори малакали ёш кадрларни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мазкур танлов ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, ёшларнинг иқтидори, меҳнатсеварлиги ва касбий маҳоратини намоён этиш учун кенг имконият яратди.
Танловда 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 10 та турли касб йўналиши бўйича иштирок этишиб, ўз билим ва кўникмаларини амалда синовдан ўтказишди. Етти кун давом этган қизғин ва муросасиз беллашувларда Бухоро вилоятининг барча 13 та туман ва шаҳарларидан жами 1 928 нафар ёш қатнашди. Бу эса танловнинг ёшлар ўртасида нақадар катта қизиқиш уйғотганини яна бир бор тасдиқлади.
Иштирокчиларнинг касбий салоҳиятини адолатли ва шаффоф баҳолаш мақсадида 387 нафар тажрибали ва малакали экспертлар жалб этилди. Улар ҳар бир иштирокчининг амалий кўникмалари, янгича ёндашуви ва касбига бўлган масъулиятларини холисона баҳолаб боришди.

Тантанали тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Адилов ҳамда қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этиб, ғолибларни самимий муборакбод этди. Тадбир давомида ёшларнинг эришган ютуқлари эътироф этилиб, уларнинг келгусидаги фаолиятига омад ва муваффақиятлар тилаб қолинди.
Танлов якунларига кўра, 10 та касб йўналиши бўйича фахрли биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган жами 390 нафар иштирокчи кейинги — вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ёшлар энди нафақат ўз ҳудудининг, балки бутун вилоятнинг энг иқтидорли ва салоҳиятли вакиллари сифатида янги босқичда беллашиш имкониятига эга бўлишди.

Ғолибларга келгусида ўз касбий фаолиятларида самарали фойдаланишлари учун замонавий асбоб-ускуналар ва зарур жиҳозлар тантанали равишда топширилди. Бу эса ёшларнинг танлаган касби бўйича янада юқори натижаларга эришиши, ўз бизнесини йўлга қўйиши ва янги иш ўринлари яратишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Энг муҳими, мазкур танлов ёшларга ўз иқтидорини намоён этиш, касбининг ҳақиқий устаси бўлиш ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни айнан шундай билимли, меҳнаткаш ва ташаббускор ёшлар қўлида барпо этилади.
“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари – 2026” танлови нафақат ғолибларни аниқлаш, балки юзлаб ёшларнинг орзу ва мақсадларига қанот бағишлаган муҳим майдонга айланди. Бухоро ёшлари намоён этган ғайрат, иқтидор ва касбий маҳорат мамлакатимиз келажаги ишончли қўлларда эканини яна бир бор исботлади. Бугун танлов саҳнасида порлаган бу ёшлар эртага Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳақиқий бунёдкорлари бўлиб етишиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири