280 нафар ёш ўқитувчи иш билан таъминланди
Сирдарё вилоятида ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда таълим тизимига малакали кадрларни жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу йўналишдаги амалий чора-тадбирлар натижасида жорий ўқув йилида 280 нафар олий маълумотли ёш ўқитувчи умумтаълим мактабларига ишга қабул қилинди.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида “Иш ўринлари ва даромад: аҳоли фаровонлиги учун нималар қилинди?” мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда таъкидланишича, ёш педагогларни мактаб тизимига жалб этиш билан бирга уларнинг касбий салоҳиятини ошириш, иш шароитларини яхшилаш ва таълим сифатини юксалтиришга қаратилган комплекс ёндашув жорий этилмоқда. Бу жараёнда кадрлар захирасини шакллантириш ва таълим муассасаларида барқарор иш ўринларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, янги иш бошлаган ўқитувчиларни тизимда барқарор сақлаб қолиш ва уларни касбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида менторлик (устоз-шогирд) тизими йўлга қўйилган. Ушбу тизим орқали тажрибали педагоглар ёш ўқитувчиларга дарс жараёнларини ташкил этиш, методик ёндашувлар ва амалиётда учрайдиган муаммоларни ҳал этиш бўйича доимий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Бундан ташқари, педагогларнинг малакасини оширишга қаратилган тизимли ўқув ва тренинглар ҳам ташкил этилмоқда. Бу эса ёш мутахассисларнинг касбий ўсиши, тоифа олиши ҳамда даромадларининг босқичма-босқич ошишига замин яратмоқда.

Маълум қилинишича, амалга оширилаётган ушбу ишлар таълим тизимида кадрлар барқарорлигини таъминлаш, сифатли таълимни ривожлантириш ҳамда ёшларни иш билан таъминлаш сиёсатида муҳим ўрин тутади.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА