Ёшлар масаласи доимий эътиборда
ЎзЛиДеП Кармана тумани кенгаши ташаббуси билан “Ёшлар масаласи жамоатчилик назоратида” лойиҳаси доирасида туман ҳудудида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан навбатдаги жамоатчилик назорати эшитуви ташкил этилди.
Ҳудудларда ўтказилаётган жамоатчилик назорати тадбирлари натижасида аҳолини қийнаб келаётган оғриқли муаммолар халқ вакиллари бўлган депутатлар томонидан чуқур ўрганилиб, мутасадди ташкилотларнинг бу борадаги ҳисоботлари эшитилмоқда ҳамда тизимли равишда ижобий ҳал қилинмоқда.

Жамоатчилик назорати эшитувида депутатлар томонидан туман ҳокимининг ўринбосари Элёр Кенжаевнинг ҳисоботи тингланди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда туманда ёшлар ва вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятлар ошган. Гарчи 2021 йилда туманда умуман жиноят содир этилмаган бўлсада, аммо 2022 йилда 7 та, 2023 йилда эса 9 та жиноят содир этилган.
2024 йил аввалида ёшлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сабаблари ўрганилиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 2 ойи давомида вояга етмаган ёшлар ўртасида бирорта жиноят содир этилмади. Бунга сабаб умумтаълим мактабларида ўқувчилар давомадининг Миллий гвардия ходимлари томонидан назорат қилинаётгани ҳамда мактаб ва ота-она ҳамкорлигининг йўлга қўйилганлигидир.

Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг январь-февраль ойларида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг давомади 80 фоизни, жорий йилда эса бу кўрсатгич 99,7 фоизни ташкил этмоқда.
Йиғилишда кўрилган масала юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар умумлаштирилган ҳолда Халқ депутатлари Кармана туман кенгашининг доимий комиссиясига тақдим этилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири