Ёшлар IТ компанияларида ўз билимини оширади
Нурафшон шаҳрида “IТ Парк” Тошкент вилояти филиали масъуллари “Offshore Outsourcing Tour 2024” тадбири доирасида Ҳиндистоннинг “TALROP” компанияси вакиллари билан ўзаро музокаралар олиб борди.
Тошкент вилоятида мазкур компания филиалини очишдан кўзланган мақсад ҳудуд ёшларининг профессионал IТ курсларида билимини ошириш, дастурлаш соҳасидаги хизматларни халқаро даражага кўрсатишдир. Шунингдек, Хитойнинг “CJON” компанияси директори Зҳуанг Зҳиян билан олиб борилган мулоқотларда ҳам вилоятда ахборот технологиялари соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида сўз юритилди.

Мазкур компания мамлакатимизда жорий йил якунигача 50 дан ортиқ иш ўрнини яратиши ва жаҳон бозорида аутсорсинг хизматлар кўрсатиш ҳажмини кенгайтириши режалаштирилган.
Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида жорий йил 1 мартдан бошлаб “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури жорий этилмоқда. Унга кўра, маҳаллаларда ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасига қизиқувчи ёшлар аниқланиб, уларни инглиз ва бошқа хорижий тилларга ўқитиш ҳамда сертификатлар олишини ташкил этиш, IT соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтириш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашиш чоралари кўрилиши белгиланди.

Шуни эътиборга олиб, “IТ Парк” Тошкент вилояти филиали раҳбарияти Корея, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Дубай ва бошқа давлатларнинг ихтисослашган компаниялари вакиллари билан ҳам келишувларни амалга оширмоқда.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири