Ёшлар етакчиларининг ота-оналари рағбатлантирилди
Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ТОП-100 рейтингга киритилган маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ота-оналарини рағбатлантиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йилнинг биринчи ва иккинчи чорак натижалари асосида ТОП-100 рейтингга киритилган маҳаллаларда ёшлар сиёсатини муваффақиятли амалга оширишда алоҳида натижаларга эришган ёшлар етакчилари рейтинги эълон қилинди.

Мазкур етакчиларни бугунги кунда маҳалла тизимида ёшларнинг ҳақиқий йўлбошчилари деб аташ мумкин. Улар жамиятимизнинг истиқболи бўлган ёшларнинг интилишлари ва мақсадларини рўёбга чиқаришда улкан ҳисса қўшмоқда.

Эндиликда эса бу муваффақиятларнинг ортида турган ота-оналар алоҳида эътирофга сазовор бўлди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори, вилоят ҳокимлари ва агентликнинг бошқарма бошлиқлари томонидан юқори натижадорликка эришаётган ёшлар етакчиларининг ота-оналарига самимий миннатдорчилик билдирилди.

Тадбирда уларнинг меҳнати ва меҳрибонлиги натижасида юртимизнинг эртанги кунини янада порлоқ қилишга қодир ёшлар етакчилари етишиб чиқаётгани қайд этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА