“Ёшлар дафтари” билан ишлаш бўйича ҳамкорлик самара бермоқда
Бугунги кунда Наманган вилоятининг Уйчи туманида ҳамкор ташкилотлар томонидан банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш, секторлар кесимида ёшлар дафтарини шакллантириш орқали ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш вазифаси белгиланган эди.

Мазкур масала юзасидан Уйчи тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Адҳамжон Маҳмудов раҳбарлигидаги тўртинчи секторда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, рўйхатга кирган, ҳозирда вақтинча ишсиз ёшларни касбга йўналтириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича туман Давлат хизматлари маркази ходимлари ҳам ҳуқуқий маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатмоқда.
Бундай саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бериб, жорий йилнинг январь ойида 49 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, шуларнинг 18 таси ёшларни ташкил этади. Қувонарлиси, рўйхатдан ўтган икки ёш тадбиркор “Ёшлар дафтарида”ги ишсиз фуқаролардир.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан тўртинчи сектор ҳамкорлигида туманда банд бўлмаган ёшлар ва мактаб битирувчиларини ишга жойлаштириш, уларни турли касб-ҳунарга йўналтирилиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига қизиқтиришга қаратилган “пресс-тур” ташкил этилди.
Дастлаб, ёшларга туман Давлат хизматлари маркази директори Шокиржон Йўлчибоев давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш ҳақида атрофлича маълумотлар берди. Кичик бизнесга иштиёқмандларга тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш ва ўз фаолиятини бошлаш бўйича қандай иш ташкил этиш лозимлигини тушунтирди. Шундан сўнг, “Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизлар учун тумандаги эркакларга костюм-шим тайёрлайдиган корхона фаолияти яқиндан таништирилди.

“Nam big tex” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги мазкур корхона 2019 йилда иш бошлаган бўлса, дастлаб уч нафар ишчи фаолият олиб борган. Ўтган йилда эса, 40 нафар банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаган. Бу йил “Ёшлар дафтари”даги етти нафар қиз ишга қабул қилинди. Эътиборлиси, пресс-турда яна бир ёшнинг бандлиги таъминланди. Маҳсулотлари тўлиқ 100 фоиз хорижга экспорт қилинадиган ушбу корхона раҳбари томонидан яна 40 нафар ёшни иш билан банд қилиш назарда тутилган.
Маълумот ўрнида, Уйчи туманидаги тўртинчи сектор ҳудудида 14 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд, уларда 53 минг 752 аҳоли истиқомат қилади. Ўрганишлар давомида, 616 нафари “Аёллар дафтари”га, 281 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. Ҳозирда, 23 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланган бўлса, 50 нафар ёш “1+1” дастури бўйича тадбиркорларга боғланди. Шулардан, 27 нафари ўзи хоҳлаган касби бўйича ишга жойлаштирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА