Ёшлар билан учрашув
Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат” марказида вилоят прокурори Абдуқаҳҳор Муллажонов ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев иштирокида “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган меҳнат ярмаркаси ташкил қилиниб, 80 дан ортиқ корхона ва ташкилот ўзларидаги бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Унда 20 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиб, 6 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди, 15 нафар ёшга эса имтиёзли кредит ажратиш учун тавсиялар берилди.
[gallery-29824]
– Ушбу меҳнат ярмаркаси ташкил этилганлигидан жудаям мамнунман, – дейди карманалик Саида Облақулова. – Бу биз каби ёшларга бир имконият десам бўлади. Аввалроқ Навоий инновациялар университетида маънавият бўлимида ишлаганман. Ҳозирда ишсизман. Ўз мутахассислигим бўйича фаолиятимни давом эттириш учун ушбу ярмаркага келгандим. Навоий халқаро аэропортида бўш иш ўрни бор экан. Ҳужжатларимни топширдим. Иш ўрни талабларига тўғри келганлигим сабабли ишга қабул қилиндим. У ерда ишлаш орзуйим эди ва бу амалга ошди.
Ярмарка сўнггида ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларни қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.
Тадбирда 100 нафардан ортиқ ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Учрашувда ёшлар томонидан бандлик, таълим, тадбиркорликни ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича 20 тадан ортиқ мурожаат ва таклифлар билдирилиб, уларни ижобий ҳал қилиш юзасидан мутасадди идораларга тегишли топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари