Биржа ва Санкт-Петербург давлат университети филиали ҳамкорлик меморандумини имзолади
“Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқаруви раиси Асадулла Қаюмов Тошкент шаҳридаги Санкт-Петербург давлат университети филиали талаба-ёшлари билан учрашди.
Унда ёшларнинг касбий ривожланиши, уларни меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш ҳамда амалиёт билан назария уйғунлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида битирувчи талабалар учун иш ўринларини кенгайтириш, уларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва истиқболли кадрларни аниқлашнинг самарали механизмлари хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат, давлат харидлари ва биржа савдолари соҳаларидаги замонавий тенденциялар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ва Тошкент шаҳридаги Санкт-Петербург давлат университети филиали ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши бўлди.
Унга кўра, талабалар учун биржа тизимида малакавий амалиёт ва стажировкалар ташкил этиш, амалий машғулотлар ўтказиш ҳамда иқтидорли битирувчиларни ишга жалб қилишга қаратилган дастурларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, соҳа мутахассислари иштирокида очиқ дарслар, семинар ва мастер-класслар ташкил этиш, қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган.
Таъкидланганидек, мазкур келишув таълим ва амалиёт ўртасидаги узвий алоқани мустаҳкамлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, шунингдек, биржа тизими самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА