Ёшлар билан самимий мулоқот олиб борилди
«Пайшанба — Ёшлар куни» доирасида Сирдарё вилояти прокуратурасида Гулистон давлат педагогика институти талабалари иштирокида «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» ташкил этилди. Вилоят прокурори Савид Иматов билан очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, касбий дунёқарашини кенгайтириш, билим ва салоҳиятини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда прокурор талабаларга мурожаат қилиб, яхши таълим олиш, доимий изланиш ва ўз устида ишлаш муваффақиятга эришишнинг муҳим омиллари эканини таъкидлади. Ёшларнинг савол ва таклифлари тингланиб, улар билан самимий мулоқот олиб борилди.

Тадбир давомида талабалар вилоят прокуратурасининг тарих музейи, тергов полигони, мажлислар зали, кутубхонаси ва спорт зали фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, прокуратура ходимлари учун яратилган иш шароитлари, хизмат фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган имкониятлар ҳақида маълумот олишди.

Учрашувнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири — ёшлар ташаббусининг амалий қўллаб-қувватлангани бўлди. Гап шундаки, бундан бир муддат аввал институтда «Пайшанба — Ёшлар куни» доирасида ўтказилган учрашувда «Мусиқа таълими» таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалардан бири машғулотлар учун дутор чолғу асбоби зарурлиги ҳақида мурожаат қилган эди. Ушбу мурожаат эътиборсиз қолмади. Вилоят прокурори ташаббуси билан бугун мазкур йўналишда таҳсил олаётган талабаларга 6 дона дутор ҳадя этилди.

— Вилоят прокурори билан бўлиб ўтган бугунги учрашув талабаларимиз учун катта мотивация бўлди. Мулоқот давомида ёшларга яхши ўқиш, ўз устида ишлаш ва изланиш муваффақиятнинг асосий омили экани таъкидланди. Энг қувонарлиси, аввалги учрашувлардан бирида «Мусиқа таълими» таълим йўналишида таҳсил олаётган талабамиз дутор чолғу асбобига эҳтиёж борлигини билдирган эди. Бу мурожаат ижобий ҳал этилиб, битта талабага эмас, балки шу йўналишда ўқиётган ёшларимизга жами 6 дона дутор совға қилинди. Бу уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, касбини янада пухта эгаллаш ва келгусида ўз ўрнини топиши учун муҳим рағбат бўлди, — дейди Гулистон давлат педагогика институти «Мусиқа таълими» таълим йўналиши доценти Нурилла Раҳимов.

Учрашувда институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқулов, Гуманитар фанлар ва жисмоний маданият факультети декани Жамол Комиловлар ҳам иштирок этишди.

Мазкур мулоқот ёшларнинг ҳуқуқий билимларини бойитиш билан бирга, уларнинг таклиф ва ташаббуслари эътибордан четда қолмаслиги, билдирилган эҳтиёжлар эса амалий ёрдам билан қўллаб-қувватланиши мумкинлигини намоён этди. Олти дона дутор эса талабалар учун шунчаки совға эмас, балки миллий мусиқа санъатига бўлган меҳр ва ижодий изланишларга берилган рағбат бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири