Ўзбекистон ва Сингапур: кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
ИИВ Академиясида Сингапур полиция кучларининг кибержиноятчиликка қарши курашиш ва ахборот хавфсизлиги соҳаларида фаолият юритувчи мутахассислари ҳамда ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор халқаро тажриба алмашиш ҳамда трансчегаравий хусусиятга эга кибержиноятларни аниқлаш ва тергов қилишда амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида икки давлат фуқароларининг кибержиноятлар натижасида бузилган мулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағларни аниқлаш, уларнинг ҳаракатини кузатиш ҳамда етказилган моддий зарарни қоплашга кўмаклашиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида томонлар кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Келгусида ахборот ва тажриба алмашиш механизмлари такомиллаштирилади. Мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган қўшма тадбирлар кўлами кенгайтирилади. Икки давлатнинг ваколатли органлари ўртасидаги амалий алоқалар янада мустаҳкамланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА