Ёшлар билан очиқ мулоқот
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ўтказилаётган “Пайшанба – ёшлар куни” тадбирлари доирасида Хонобод шаҳрида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Хонобод шаҳар ҳокими Элёрбек Абдураҳмонов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Дилхирожбек Юлчиев иштирокида Хонобод шаҳридаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув-мулоқотда мамлакатимизда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш, айниқса, бандлигини таъминлаш, уларнинг фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.


Учрашув давомида фуқаролар ва ёшларнинг мурожаатлари тингланди, уларни қийнаётган муаммо ва масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотда ёшлар билдирган аксарият муаммолар шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Маълум вақт ва ўрганиш талаб этадиган масалалар ижроси назоратга олинди. Шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ҳамда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди. Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Тадбир ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ва жамиятда муносиб ўрин топишларига ёрдам берди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари